Оглавление
- ТАҲРИРИЯТДАН ЭСЛАТМА!
- ЭЛЖЕРНОНГА АТАЛГАН ГУЛЛАР
- 1 ҳисобот 3 марит
- 2 ҳисобот – 4 марит
- 3-ҳисобот
- Ҳисобот 4-6 мар
- 5 ҳисобот 6 мар
- 6-ҳисобот 8 мар
- 7-ҳисобот 11 март
- 12 март
- 13 март
- 8-ҳисобот 15 март
- 16 март
- 17 март
- 20 март
- 21 март
- 24 март
- 26 март
- 27 март
- 28 март
- 29 март
- 30 март
- 31 март
- 9-ҳисобот 1 апрель
- 3 апрель
- 4 апрель
- 6 апрель
- 7 апрель
- 8 апрель
- 10 апрель
- 13 апрель
- 14 апрель
- 15 апрель
- 16 апрель
- 17 апрель
- 18 апрель
- 10‐ҳисобот 21 апрель
- 22 апрель
- 24 апрель
- 26 апрель
- 27 апрель
- 28 апрель
- Конец ознакомительного фрагмента
24 апрель
Ваниҳоят профессор Немур бизнинг – доктор Штраус билан менинг таклифимга рози бўлди. Биз унга ички ҳиссиётларимни, бошқалар уларни ўқишларини била туриб, қоғозга туширишим имконсиз эканлигини айтган эдик. Қайдларимда доимо дуруст бўлишга уринаман, аммо баъзи ҳолатлар ҳақида бутун жаҳон билишини ҳеч ҳам хоҳламайман. Ақалли, ҳозир.
Эндиликда энг сирли кечинмаларим ҳақидаги қайдларни ўзимда қолдирсам бўлаверади. Аммо бир шарт билан, Уэлберг жамғармаси учун тайёрланадиган яку-ний ҳисоботдан олдин профессор Немур барча қайдларни кўриб чиқиб, қай бирлари чоп этилишини ўзи ҳал қилади.
Бугун жуда ҳам ёқимсиз ҳодиса рўй берди. Лабораторияга доктор Штраус ёки профессор Немурдан Кинниан хонимни кинога таклиф қилсам майлими, деб сўрагани бордим. Эшикни тақиллатмоқчи бўлиб тургандим, бирдан улар ўзаро баҳслашаётгани қулоғимга чалинди. Гап пойлаш одатидан қутулиш жуда ҳам қийин бўлмоқда, чунки олдин мени ҳеч ким одам ўрнида кўрмасди ва улар ҳақида қандай фикрга боришим ҳеч кимга қизиқ эмасди.
Иккисидан бири столга жаҳл билан муштлади ва:
– Мен аллақачон ташкилий қўмитани ҳисоботни Чикагода қиламиз деб огоҳлантириб қўйганман! – деб бақирди профессор Немур.
– Бу ишинг тўғри эмас, Ҳаролд. Олти ой жуда қисқа муддат. У ҳали ҳам ўзгаришда давом этмоқда, – деб эътироз билдирди доктор Штраус.
Профессор Немур:
– Ҳозирга қадар ҳеч қандай хатога йўл қўймадик ва эвазига тажриба натижаларини оммалаштириш ҳуқуқини қўлга киритдик. Қайтараман, Жей, хавотирга ўрин йўқ.
Штраус:
– Шошилиб дув-дув гап тарқатадиган иш эмас бу. Биласан, ҳаммамиз учун бу тажриба жуда ҳам муҳим. Сен ошиқча даражада…
Немур:
– Сен эса лойиҳа раҳбари мен эканлигимни эсингдан чиқаряпсан!
Шраус:
– Ўзинг-чи, ўзинг бу иш фақатгина сенинг обрў-эътиборинг билан боғлиқмаслигини унутиб қўймаяпсанми? Натижалар тасдиқланмаса, бутун назария пучга чиқади.
Немур:
– Мен натижаларни қайта-қайта текшириб, регрессия юз бермаслигига ишонч ҳосил қилдим. Кичик ҳисоботнинг бизга зарари йўқ. Ҳаммаси бинойидай бўлишига ишончим комил!
Сўнгра Штраус Немур Гэлстондаги психология кафедраси мудири бўлишга интилаётганини писанда қилди. Немур бўлса, Штраус унинг этагига осилиб, шон-шарафга эришмоқчилигини айтди.
Штраус:
– Менинг нейрохирургиядаги иш услубим ва энзема уколларисиз сенинг назарияларинг сариқ чақага ҳам арзимайди. Ва тез орада минглаб жарроҳлар менинг услубимни қўллай бошлайди.
Немур:
– Янги методикалар менинг назарияларим соясида дунёга келди!
Улар бир-бирини ҳақоратлашга тушишди: оппортунист, циник, пессимист. Мен негадир қўрқиб кетдим. Бирдан эшик тагида туриб, уларни пинҳона эшитишга ҳақим йўқлигини англаб етдим. Аввалги ҳолатим бўлганида эди, уларга ҳеч қандай қизиғи бўлмас эди, аммо ҳозир, менинг ақлий салоҳиятим қай даражада ошганини билишган пайтда, ўзларининг баҳсини тинглашимни истамаган бўлардилар. Баҳс сўнгини кутмасдан ортимга қайтдим.
Қоронғи тушиб бўлганди ва мен кўчаларда узоқ вақт сайр қилиб юрдим. Нимадан қўрқиб кетганимни ҳеч тушуна олмасдим. Биринчи марта уларнинг асл юзларини кўргандим – худолар эмас, ҳаттоқи қаҳрамонлар ҳам эмас, ишидан ўзига фойда чиқармоқчи бўлган икки толиққан одамни.
Немур ростдан ҳам ҳақ бўлса-чи? Ростдан ҳам тажриба муваффақиятли ўтган бўлса, унда баҳслашишга не ҳожат?
Кинниан хонимни кинога таклиф қилсаммикан? Майли, эртага сўрарман.