14 апрель

Доктор Штрауснинг айтишича, кечаги ҳисоботимда ёзган хотираларим жуда ҳам қизиқ экан ва улар-ни қоғозга туширишим шарт экан. Кейин иккаламиз уларни муҳокама қилар эканмиз.

Доктор Штраус – психиатр ва нейрожарроҳ. Мен уни олдин оддий доктор деб ўйлардим. Бугун эрталаб унинг олдига борганимда, муаммоларимни ҳал қила олишим учун ўзимни англаб етишим қай даражада муҳим эканлигини айтди. Менинг ҳеч қандай муаммоим йўқ дедим.

У кулиб юбориб, ойна олдига борди.

– Чарли, ақлинг, идрокинг ривожлангани сари, муаммоларинг кўпаяверади. Сенинг ақлий ривожланишинг ҳиссий ривожланишингдан анча олдинлаб кетган, шу сабабли, менимча, биз сен билан ҳали бундай мавзуларни бирга кўп муҳокама қиламиз. Агар сенга қачондир ёрдам керак бўлиб қолса, албатта, бу ерга тортинмай кела олишингни эслатиб қўймоқчиман.

Унинг гапларига кўра, қачондир менинг хотираларим ва тушларим паззл бўлаклари сингари ўз жойларига тушиб, ягона бир расмни ташкил қилар экан ва мен бунинг ёрдамида ўзим ҳақимда кўп нарсаларни билиб олар эканман. Инсонлар мен ҳақимда нима деганликларини аниқ эслашим ўта муҳим экан.

Авваллари буларнинг ҳеч бирини билмасдим. Демак, тўлиқ ақлли бўлсам, мени тинч қўймаётган саволлар жавобини топиб оламан; кўчадаги болалар, Ҳерман тоғам, ойим, дадам – ҳаммаси ҳақида билиб оламан. Ва ўшанда мен тамоман тугайман ва менинг миям шикастланиши мумкин.

Хуллас, ҳафтада икки марта доктор Штраус олдига бориб, мени ташвишлантираётган мавзуларни айтиб бераман. Иккимиз ўтирамиз ва доктор Штраус мени тинглашни бошлайди. Бу терапия деб аталади. Бундай суҳбатлардан сўнг мен ўзимни яхши ҳис қилишим керак. Мени энг ташвишлантирган муаммо бу аёллар ҳақида ҳеч нарса билмаслигим эканлигини тан олдим. Унга Эллен билан бўлган рақсимизни ва ундан кейинги воқеаларни айтиб бердим. Ўша пайт ўзимни ўта ноқулай ҳис қилдим – бирдан совуқ тер босиб, бошимда ғўнғиллаган овоз пайдо бўлди ва кўнглим айниб кетди. Лекин доктор Штраус ҳеч қандай хавотирсиз, мен билан базмдан сўнг содир бўлган ҳодиса фанда эҳтилом деб аталишини тушунтириб берди. Ҳечқиси йўқ, деярли ҳамма билан содир бўладиган ҳодиса.

Кундан-кунга ақлан тинмай ривожлансам ҳам, айрим мавзуларда ҳали ҳам гўдаклар каби эканман, аслида. Бундан бироз уяляпман, аммо эртами‐кечми ўзим ҳақимда барча нарсаларни билиб оламан.

СкороКнижный режим