Оглавление
- ТАҲРИРИЯТДАН ЭСЛАТМА!
- ЭЛЖЕРНОНГА АТАЛГАН ГУЛЛАР
- 1 ҳисобот 3 марит
- 2 ҳисобот – 4 марит
- 3-ҳисобот
- Ҳисобот 4-6 мар
- 5 ҳисобот 6 мар
- 6-ҳисобот 8 мар
- 7-ҳисобот 11 март
- 12 март
- 13 март
- 8-ҳисобот 15 март
- 16 март
- 17 март
- 20 март
- 21 март
- 24 март
- 26 март
- 27 март
- 28 март
- 29 март
- 30 март
- 31 март
- 9-ҳисобот 1 апрель
- 3 апрель
- 4 апрель
- 6 апрель
- 7 апрель
- 8 апрель
- 10 апрель
- 13 апрель
- 14 апрель
- 15 апрель
- 16 апрель
- 17 апрель
- 18 апрель
- 10‐ҳисобот 21 апрель
- 22 апрель
- 24 апрель
- 26 апрель
- 27 апрель
- 28 апрель
- Конец ознакомительного фрагмента
13 апрель
Ўша кечадан сўнг қайтиб новвойхонага бормадим. Мен яшайдиган уй эгаси, Флинн хонимдан, жаноб Доннерга қўнғироқ қилиб, бетоб бўлиб қолганимни айтиб қўйишини илтимос қилдим. Флинн хоним гўё мендан қўрқадиган бўлиб қолди.
Мен, ниҳоят, нега одамлар устимдан кулишларининг сабабини тушуниб етдим. Аҳмоқлигим даражасини англамайдиган даражада аҳмоқ эканман. Аҳмоқ одам бирор нарсани улар қилмагандай қилса, ақли расо одамлар кулар экан.
Лекин энди кундан-кунга ақллироқ бўлаётганим аниқ. Сўзларни тўғри ёзишни ва пунктуация нима эканлигини биламан. Қийин сўзлар маъносини луғатдан титкилаб топишни ёқтираман ва уларни тезда эслаб қоламан. Ҳисоботларимни мунтазам ёзиб боришга ҳаракат қиламан, лекин, тўғрисини айтсам, бунга кўп вақтим кетиб қолади. Китобларни кўп мутолаа қиламан ва Кинниан хонимнинг айтишича, тез ўқийман. Ўқиганларимнинг кўп қисмини, ҳаттоки, тушунмайман ҳам. Баъзида кўзларимни юмсам, ҳаёлимда, худди расм каби, бутун бир китоб саҳифаси пайдо бўлади.
Эрталаб уйғониб, узоқ вақт каравотимда уйғоқ ётдим. Бутун дунёни мендан тўсиб қўйган миямдаги деворда катта тешик пайдо бўлди ва мен у орқали ёруғ дунёга чиқдим.
Узоқ вақт олдин, роса ҳам узоқ вақт олдин, жаноб Доннер новвойхонасида энди ишлашни бошлаганимдаги пайтлар эсимга тушишни бошлади. Новвойхона жойлашган кўча кўз олдимда жонланди. Аввалиги ҳаммаёқни гўё туман қоплаган. Сўнгра маълум қисмлар ойдинлашади ва мен ўзимни ҳақиқатан ҳам ўша ерда тургандай ҳис қилишни бошлайман.
Болалар аравачасини ёнғоқ қовуриш ускунасига айлантириб олиб, қорли йўлакчада ёнғоқ сотиб турган нимжон чол. Қўрқув тўла кўзлари билан эшикдаги ёзувга тикилиб турган узун бўйли йигит. Ҳозир у ерда нима деб ёзилганини биламан, ДОННЕР НОВВОЙХОНАСИ, лекин ўтмишга назар ташлар эканман, боланинг кўзлари билан у ёзувни ўқий олмаяпман. Йигит ўқишни билмайди. Кўзлари қўрқувга тўлган новча йигит бу менман, Чарли Гордон.
Кўзни қамаштирувчи неон чироқлар. Рождествога безатилган арчалар ва ўтиб кетаётган пиёдалар. Совуқдан одамлар пальтоларининг ёқаларини ҳам кўтариб олишган. Бўйинларига иссиқ шарфлар ўраб олишган. Унинг эса оддий қўлқоплари ҳам йўқ. Қўллари яхлаб қолиб, оғир қоғоз қопларни ерга қўйди. У кичик дўкончада сотилаётган бир‐биридан қизиқарли ўйинчоқларни яхшироқ томоша қилиш учун тўхтади. У ерда бурнида копток айлантирувчи тюлен, сакраб турувчи кучукча ва у ёқдан-бу ёққа думалайдиган айиқ бор эди. У ўйинчоқлар ҳаракатларини қайтаришга уринди: айланди, ирғиди, сакради. Эҳ, агар бу ўйинчоқлар уники бўлиб қолса эди, у дунёдаги энг бахтли инсонга айланган бўлар эди.
Совуқдан юзлари қизариб кетган, бармоқлари арзон йиртиқ қўлқоплардан кўриниб турган сотувчидан айиқчани бир борагина ушлаб кўришга рухсат сўрамоқчи бўлди, лекин жуда ҳам қўрқарди. Йўқ, у сўрай олмади. Оғир юкини яна елкасига ортди. Озғин бўлишига қарамай, кўп йиллар давомидаги жисмоний меҳнат натижасида чиниққан эди.
– Чарли! Чарли! …тентак Чарли!
Болалар уни ўраб олиб мазах қилишяпти – оёқ остида ўралашувчи кўппаклар. Чарли уларга кулиб қўймоқда. У елкасидаги қопларни йўлакка қўйиб, болалар билан ўйнамоқчи эди, бироқ бирдан нимадир келиб елкасига тегди. Узоқроқда турган каттароқ болалар унга муз бўлакларини отаётган экан.
Новвойхона яқинидаги қоронғи кўчада бир гуруҳ йигитлар тўпланиб турибди:
– Қара, Чарли келяпти!
– Эй, Чарли! Нималарни кўтариб олдинг?
– Чарли, биз билан ўйнамайсанми?
– Чарли, кел, бирга ўйнаймиз!
Қоронғи кўчадан келган қаҳқаҳалар уни қўрқитарди… Эти жунжикиб кетди. У нега бунчалик қўрқиб кетганлигининг сабабини эсламоқчи бўлди, аммо фақатги-на лой, ахлатлардан кир бўлган устки кийимларини ва унинг ҳолини кўриб кўчага болға билан югуриб чиққан Ҳерман тоғасини эслай олди…
Чарли ғала-ғовур қилаётган йигитларга яқинлашмай ўтиб кетмоқчи бўлади ва қопларни ерга тушириб юборади. Тезлик билан уларни елкасига ортмоқлаб, ортига қарамай новвойхонага югуради.
– Қаерларда санқиб юргандинг, Чарли? – деб новвойхона ичидан бақиради Жимпи.
Чарли зудлик билан омборхонага тушиб, қопларни бир чеккага ташлаб қўяди. Деворга суяниб, чўнтагига қўлларини солиб туради.
Бу ер унга жуда ёқади. Пол шифт ва деворлардан ҳам оппоқроқ. Оёқ кийимининг тагчарми худди қор билан қопланган, ун доначалари оёқ кийимининг тешикларига, боғичларининг толаларига, қўлидаги чизиқларга тўлиб қолган.
Чўккалаб ўтириб олади ва катта «Д» ҳарфли кепкаси кўзларигача тушиб қолади. У ун, ширали хамир, нон ва пишириқларнинг ҳидини ёқтиради. Печка ичида олов чирсиллаб ёниб, унинг уйқусини келтирмоқда.
Ширин ҳидлар… Илиққина жой… Унинг кўзи илинди…
Тўсатдан у бир томонга оғиб кетиб, йиқила бошлади ва бор оғирлиги билан полга урилди. Кимдир ўтиб кетаётиб, ухлаётган новча йигитни оёғи билан тепиб ўтиб кетибди…
Фақат шу ҳодисаларни эслай олдим. Улар кўз олдимда аниқ ва равшан намоён бўлди, аммо уларнинг ҳеч бирини тушунмадим. Худди шу ҳолат кино кўрганимда ҳам юз берар эди. Кинонинг мазмунини уни уч ёки тўрт марта кўрганимдан кейингина тушунишни бошлардим. Доктор Штраусдан сўрашим керак.