17 апрель

Бугун ёмон туш кўрдим ва уйғонганимдан сўнг, доктор Штраус тавсиясига кўра, эркин ассоциациялар методини қўлладим. Тушимни эслаб, натижада турли хил фикрлар пайдо бўлиши умидида ақлим эркин фикрлашига йўл қўяман. Одатда, менда ҳеч қандай фикр қолмайди. Доктор Штрауснинг айтишича, мен ост онгим ёмон хотиралардан онгимни қўриқлаш учун уни муҳофаза қила оладиган даражага етибман. Ўтмиш ва ҳозир ўртасидаги ўзига хос девор. Айрим пайтларда у қулайди ва мен унинг ортида яширилган ҳодисаларни эслай оламан. Худди бугун эрталаб бўлгани сингари.

Тушимда Кинниан хоним ҳисоботларимни ўқиётган экан.

Мен ручкамни тайёрлаб ўтирибман, лекин тўсатдан на ёзишни, на ўқишни билмай қоляпман. Ҳаммасини унутиб юборибман. Қаттиқ қўрқиб кетиб, Жимпидан менинг ўрнимга ҳисобот ёзиб беришини илтимос қилдим. Кинниан хоним уни ўқиб жаҳли чиқиб кетди ва ҳисоботни майда-майда қилиб йиртиб ташлади. У ерда бемаъни сўзлар ёзилган экан. Уйга қайтиб келсам, бу ерда мени доктор Штраус ва профессор Немур кутиб туришган экан. Уйга киришим биланоқ, ҳисоботларда уятсиз сўзлар ёзганим учун, мени дўппослашга тушишди. Улар кетишгач, мен ҳисобот парчаларини йиғишни бошладим, не кўз билан кўрайки, улар қонга беланган тўр парчалари экан.

Жуда ҳам даҳшатли туш, туриб уни ёзиб бўлганимдан сўнг, хаёлларимни таҳлил қилишга уриниб кўрдим.

Новвойхона… тун… ахлат челак… кимдир мени оёғи билан тепяпти… йиқилиб тушдим… қон… ёзмоқ… катта қалам… кичик олтин қалб… туморча… ип… ҳаммаёқ қонга беланган… ҳамма устимдан куляпти… туморнинг ипи… айланяпти… қуёш нурлари кўзимни оляпти… туморча айланиши менга ёқяпти… бармоғимга ўралиб қолди… менга бир қиз қараб турибди.

Унинг исми мис Кин… – унинг исми Ҳарриет.

– Ҳарриет, Ҳарриет, биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз.

Ва яна ўша мен ўрганган бўшлиқ.

Кинниан хоним гоҳ-гоҳи менга қараб қўйиб, ҳисоботни ўқияпти.

Сўнгра биз омилар мактабида бўлиб қолдик. У менинг иншо ёзишимни кузатиб ўтирибди.

Менинг мактабим ўрнида бирдан 13-мактаб пайдо бўлиб қолди. Мен ўн бир ёшдаман, Кинниан хоним ҳам ўн бир ёшда, лекин у ортиқ Кинниан хоним эмас, у ёноқларида икки кулгичи бор, узун оқ-малла сочли қизча эди. Унинг исми Ҳарриет. Биз ҳаммамиз Ҳарриетни яхши кўрамиз. Бугун 14 февраль, авлиё Валентин куни.

Мен эсладим…

Эсладим… Нега мен 13-мактабдан 222-мактабга ўқишимни кўчиришим керак бўлганини эсладим. Ҳарриет туфайли.

Ўн бир ёшли Чарли кўз олдимда намоён. Унинг кўчадан топиб олган тилла тумори бор эди. Туморнинг ипи йўқолганди ва ўзи уни оддий ипга осиб олганди. Туморни қўлида тинмай айлантиришни яхши кўради. Тумор ипи қўлига ўралиб қолиб, кейин яна ўз ҳолига келади. Тумор қуёшда жуда ҳам чиройли ялтираяпти.

Баъзида мактабдаги болалар унга ҳам ўзлари билан ўйнашга рухсат берадилар. Масалан, «ушлаб ол» ўйинида Чарли ҳаттоки ўйин марказида бўлади ва коптокни бошқалардан олдин тутиши керак. Ҳеч қачон коптокни ушлай олмаса‐да, у ўйин марказида бўлишни ёқтиради. Бир сафар у коптокни ушлаб олганди, лекин болалар унинг қўлидан коптокни олиб қўйиб, Чарлига уни отишга рухсат беришмади. У яна ўйин марказида коптокни ушлашга мажбур бўлди.

Ҳарриет ўтиб кетаётганда, барча болалар ўйнаётган ўйинларини унутиб, унга маҳлиё бўлиб қолади. Ҳамма Ҳарриетга ошиқ. Бошини қимирлатса, жингалак малла сочлари силкиниб кетади, ёноқларидаги кулгичлари эса одамни ақлдан оздиради. Чарли нега ҳамма болалар Ҳарриетга мубтало бўлиб қолганликлари ва ҳар доим у билан гаплашгиси келганликлари сабабини тушуна олмайди (у яхши футбол ўйнаган бўларди). Ҳамма болалар Ҳарриетни севиб қолган, Чарли ҳам.

У ҳеч қачон Чарлини калака қилмайди, Чарли бўлса, у учун ҳамма нарса қилишга тайёр. Ўқитувчи синфхонада эмаслигида у хонада югуриб юради, ойнадан ўчирғичларни отиб юборади, бўр билан деворларга чизиб ташлайди. Ҳарриет унинг қилиқларини кўриб кулиб қўяди.

– Эҳ, Чарли! Жуда ҳам ажойибсан‐да! Тентаквой!

Бугун авлиё Валентин куни. Синфдаги болалар Ҳарриетга нима совға қилишни гаплашишяпти ва Чарли:

– Мен ҳам унга бирон нима совға қиламан, – деди.

Ҳамма кулиб юборди, Барри эса:

– Қаердан оласан совғани? – деб сўради.

– Мен унга роса чиройли нарса совға қиламан. Ҳали кўрасизлар.

Лекин Чарлининг бир чақаси ҳам йўқ эди ва у Ҳарриетга ўзининг туморчасини совға қилмоқчи бўлди. У юрак шаклида ва худди кўркам дўконлар витринасидаги қимматбаҳо тақинчоқларга ўхшайди. Кечки пайт онасининг иш столидан совғасини ўрагани қоғоз олади, уни ўраб, қизил тасма билан боғлаб қўяди. Эртаси куни танаффус вақтида Ҳайми Ротдан хат ёзиб беришини илтимос қилади.

У хатни ўзи айтиб ёздиради:

– Севимли Ҳарриет! Менимча, сен дунёдаги энг гўзал қизсан. Сен менга жуда ҳам ёқасан ва мен сени севаман. Менинг севгилим бўл. Дўстинг Чарли Гордон.

Ҳайми хатни ёзиб тугатади ва кулишдан тўхтамай:

– У хатни ўқиганида кўзи чиқиб кетади! Ўқиб кўриши билан!

Чарли қўрқаётган эди, лекин жуда ҳам туморчасини унга совға қилгиси келаётганди, шунинг учун дарсдан сўнг Ҳарриетга билинтирмасдан орқасидан эргашди. У уйга кириб кетишини пойлаб, совғасини эшикка осиб, қўнғироқни икки марта чалиб беркиниб олади.

Ҳарриет эшикни очиб, совғачани кўриб, олиб уйга кириб кетади. Чарли шошилиб уйга боради ва қоғоз би-лан тасмани сўроқсиз олгани учун калтак ейди. Лекин унга фарқи йўқ. Эртага Ҳарриет мактабга ўша туморчани тақиб келади ва ҳаммага уни Чарли совға қилганини айтади.

Эртаси куни у тонг саҳарлаб мактабга югуради, борса, ҳали ҳеч ким келмаган экан. Ҳарриет йўқ, у роса ҳам ҳаяжонда. Ва ниҳоят, Ҳарриет келди, аммо Чарлига қиё ҳам боқмади. У туморчани тақиб келмабди ва бугун негадир асабий. Мис Жексон синфхонадан чиқиб кетганда Чарли нималар қилиб кўрмади! Кулгили қилиқлар қилди. Бақириб кулди. Стулга чиқиб ўйинга тушди. У ҳатто бўр бўлагини Ҳаролдга отди. Лекин Ҳарриет унга қиё боқмади. Балки эсидан чиқариб қўйгандир. Балки у туморчани эртага тақиб келар. Танаффусда у ўзини Чарлини кўрмаганга солиб ўтиб кетади.

Мактаб боғчасида уни Ҳарриетнинг икки акаси кутиб турарди.

Гэс уни туриб юборади.

– Эй, итвачча, ўша уятсиз хатни сен ёздингми синглимизга?

Чарли ҳеч қачон бемаъни хатлар ёзмаганини айтади.

– Мен унга фақат туморча совға қилдим.

Олдинлари мактаб футбол гуруҳида бўлган Оскар унинг кўйлагидан тортиб, икки тугмасини узиб юборади.

– Бизнинг синглимиздан узоқ юр, аҳмоқ. Аслида сен бу мактабда ўқишинг керак эмас! – У Чарлини Гэс томон итариб юборади, Гэс эса уни бўғиб олади.

Чарли қўрқиб кетиб, йиғлашга тушади.

Сўнгра ака‐укалар уни калтаклашни бошлайдилар. Оскар бурнига муштлайди, Гэс эса ерга йиқитади. Ва икковлашиб тепкилашга тушади – аввал биринчиси, сўнгра иккинчиси. Болалар – Чарлининг дўстлари – югуриб келиб, уларни ўраб олади ва чапак чалиб, олқишлайди:

– Ур! Ур! Чарлини дўппослашяпти!

Унинг кийимлари йиртилиб кетган, бурнидан қон оққан, тиши синган эди. Оскар билан Гэс кетганидан сўнг у йўлакка ўтириб йиғлар, болалар эса кулиб бақиришарди:

– Чарлини боплашди! Чарлини боплашди!

Сўнгра қаердандир жаноб Вагнер пайдо бўлиб, ҳаммасини ҳайдаб юборади. У Чарлини ҳожатхонага обориб, юз‐қўлини ювишни буюради…

Одамларнинг ҳамма гапларига ишониб тентаклик қилган эканман. Ҳаймига ишонмаслигим керак эди. Ҳеч кимга ишонмаслигим керак эди.

Олдин ҳеч қачон бу воқеа ҳақида ўйламаган эканман, лекин кеча, ёмон тушни таҳлил қилганимдан сўнг, у ёдимга келди. Бу ҳодиса ва Кинниан хоним ҳисоботларимни ўқиётганида ўзимни қандай ҳис қилишим ўртасида қандайдир боғлиқлик бор. Энди ўзим ҳам таҳлил қилишни ўрганиб олдим.

Ҳарриет ўшанда туморчани қайтариб ҳам бермаган.

СкороКнижный режим