2 БОБ. Рағбатлар муҳим: қандай қилиб бурнингизни кесиб ташлаш орқали омон қолишингиз мумкин (агар қора каркидон бўлсангиз)?

Қора каркидонлар бутунлай қирилиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлардир. Бугунги кунда 4 мингга яқин қора каркидон Африканинг жанубида яшайди, 1970 йилда эса уларнинг сони 65 мингга яқин эди. Бу экологик ҳалокатнинг ёрқин намунасидир. Ушбу вазиятда иқтисодиёт асослари бу ҳайвонларнинг нима учун бундай муаммога дуч келганини тушунтириб бериши ва, эҳтимол, вазиятни қандай тузатиш мумкинлиги борасида ҳам таклиф киритиши мумкин.

Одамлар нега қора каркидонларни ўлдиришади? Инсонлар қайси сабабга кўра гиёҳванд моддалар сотишса ёки солиқ тўламай, ғирромлик қилишса, худди шу сабабдан қора каркидонларни ҳам овлашади. Сабаб шуки, қўлга тушиш хавфига қарамай, бу каби жиноятлардан анча-мунча пул ишлаб топиш мумкин. Кўпгина Осиё мамлакатларида қора каркидон шохи кучли афродизиак ва иситма туширувчи восита сифатида кўрилади. Бундан ташқари, каркидон шохидан анъанавий Яман ханжарларининг сопларини тайёрлаш учун ҳам фойдаланишади. Битта каркидон шохи қора бозорда 30 минг долларга сотилиши мумкин – жон бошига даромад йилига минг долларни ташкил этадиган ва ушбу даромад доимий равишда камайиб бораётган мамлакатлар учун бу – жуда катта пул. Бошқача айтганда, Африка жанубининг қашшоқ аҳолиси учун қора каркидоннинг ўлиги унинг тиригига қараганда ғоят қимматлироқдир.

Афсуски, бу бозор ўзини табиий йўл билан ўзгартириб тўғрилай олмайди. Автомобиль ёки шахсий компьютерлар ишлаб чиқарадиган компаниялар таъминот камайганини пайқаса, ишлаб чиқаришга зўр беради, аммо қора каркидонлар камайиб борса, янги қора каркидонларни ишлаб чиқаришнинг иложи йўқ. Аксинча, бунда жараён мутлақо тескари ишлайди: қора каркидонлар буткул қирилиш хавфи остида қолганда, қора бозорда каркидон шохининг нархи янада кўтарилади. Бу эса, ўз навбатида, браконьерларни сўнгги тирик ҳайвонларни овлашга рағбатлантиради. Экологик муаммоларнинг барчаси учун умумий бўлган яна бир муҳим жиҳат мавжуд: қора каркидонларнинг аксарияти хусусий эмас, балки жамоат мулкидир. Бу ажойибдек туюлиши мумкин. Лекин аслида бу вазиятни ҳал қилишдан кўра кўпроқ муаммо келтириб чиқаришга хизмат қилади. Тасаввур қилинг, барча қора каркидонлар битта очкўз чорвадорнинг қўлида, у бу ҳайвонларнинг шохларидан Яман ханжарлари ясалишини яхши билади. Бу фермер экологик муаммолар олдида пинагини ҳам бузмайди. У шунақанги худбин ва разил одамки, баъзида завқ учунгина итини тепади. Бунчалик очкўз одам эллик йил ичида қора каркидон популяциясининг олтмиш беш мингдан беш минггача камайишига йўл қўярмиди? Ҳеч қачон! У жониворларни кўпайтирарди ва авайларди, чунки у қорамол хўжаликлари эгалари сингари ҳар доим бозорга етказиб бериш учун йирик таъминот керак бўларди. Бу ҳаракатларининг альтруизмга ҳеч қандай алоқаси йўқ – бу ўз ихтиёридаги ноёб ресурснинг қийматини максимал даражага кўтариш истаги билан боғлиқ.

Жамоат мулки бўлган ресурсларни сақлаш эса баъзи бир ўзига хос муаммоларни келтириб чиқаради. Биринчидан, қора каркидон билан ёнма-ён яшайдиган одамлар унинг мавжудлигидан ҳеч қандай фойда кўришмайди. Аксинча, каркидон ёки фил каби йирик ҳайвонлар кўпинча экинларга катта зарар етказади. Ўзингизни маҳаллий аҳолининг ўрнига қўйиб кўринг. Тасаввур қилинг, африкаликлар тўсатдан Шимолий Америка жигарранг каламушларининг тақдири ҳақида жиддий ташвишлана бошлашди. Бу жонзотларни сақлаб қолиш стратегиясининг муҳим элементи – уларни ўз уйингизда сақлаш ва кўпайтириш. Энди тасаввур қилинг, олдингизга браконьер келиб, каламушлар ертўланинг қаерида эканини кўрсатишингизни сўраб, эвазига пул таклиф қилмоқда. Ҳмм, тўғри, дунё бўйлаб миллионлаб одамлар қора каркидон ёки тоғ горилласи каби ноёб турларнинг сақланишидан хурсанд бўлишига шубҳа йўқ. Аммо бу ерда аслида муаммонинг бир қисми кўриняпти холос: атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юкини бошқа бировга ёки бирон-бир ташкилотга юклаб қўйиб, ишёқмас позициясини танлаш осон. Масалан, шахсан ўзингиз ўтган йили йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган турларни сақлаб қолиш учун қанча вақт ва маблағ сарфладингиз?

Ноёб ёввойи ҳайвонларни кўрсатиш учун бой сайёҳларни олиб келиб, катта пул ишлаб топадиган сайёҳлик агентликлари ва сафари операторлари худди шундай “ишёқмаслик” муаммоси билан юзлашади. Айрим сайёҳлик компаниялари табиатни муҳофаза қилишга бир тийин ҳам сарфламаган бўлса-да, асраб қолинган каркидонлардан келадиган фойда уларга ҳам тегади. Демак, табиатни асраш учун сармоя киритган фирма бозорда кўпроқ зарар кўради. У табиатни муҳофазалашга сарфлаган маблағларини қоплаши учун ўз саёҳат хиз матларини қимматроқ қилишига тўғри келади (акс ҳолда, кам даромадга кўнишга мажбур). Давлат ҳам атрофмуҳитни муҳофазалашда маълум бир роль ўйнайди, бу кундек равшан. Аммо Саҳрои Кабир жанубида жойлашган мамлакатларнинг энг яхши ҳукуматларида ресурслар етишмайди, энг ёмонларида эса тизим коррупция ботқоғига ботган ва самарасиз. Аниқ ва кучли рағбатга эга ягона томон браконьерлар бўлиб, улар тирик қолган каркидонларни овлаб, уларни ўлдириб, сўнгра шохларини сотиш орқали мўмай даромад топиб, қироллар каби бадавлат бўлиб олишади.

Булар тўғрисида ўйлаш кишини тушкунликка тушириб қўйиши тайин. Бироқ иқтисодиёт бизга қора каркидон ва бошқа йўқолиб бораётган турларни қандай қутқариш мумкинлиги ҳақида, ҳеч бўлмаганда, озгина тушунча олишга ёрдам беради. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш стратегияси қора каркидон яшайдиган жойлар атрофида қўним топган аҳолининг рағбатларига мувофиқ бўлиши керак. Оддийроқ айтганда, маҳаллий аҳолига ҳайвонларнинг тириги ўлигидан кўра кўпроқ фойда келтиришини исботлаш учун аниқ бир сабаб топиш керак. Айтганча, ушбу ғоя бугунги кунда куртак ёзаётган экотуризмнинг асосидир. Агар сайёҳлар қора каркидонларни уларнинг табиий яшаш маконларида кўриш ва суратга олиш учун катта миқдорда пул тўлашга тайёр бўлса ва, энг муҳими, маҳаллий аҳоли туризмдан келувчи маблағлардан улуш олса, аҳолида бу ҳайвонларни ҳимоя қилишга рағбат пайдо бўлади. Бундай усул Коста-Рикага ўхшаган жойларда аллақачон ўз самарасини кўрсатган: Коста-Рика давлати ўз ҳудудининг 25 фоизидан кўпроқ қисмида миллий боғлар барпо этиш орқали тропик ўрмонларни ва экологиянинг ўзига хос бошқа унсурларини ҳимоя қилишга эришди. Ҳозирги вақтда бу давлатнинг туризм ортидан топадиган йиллик даромади миллиард доллардан ошиб, Коста-Рика миллий даромадининг 11 фоизини ташкил этади.

Афсуски, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган бошқа биологик турлар – тоғ гориллалари (улар “Туман пардаси ортидаги гориллалар” китобининг муаллифи Дайан Фосси туфайли танилганди) билан боғлиқ вазият тескарига қараб кетмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, Шарқий Африка ўрмонларида бу ҳайвонларнинг атиги 620 таси қолган. Ушбу минтақа мамлакатлари – Уганда, Руанда, Бурунди ва Конгода бўлиб ўтган фуқаролар урушлари сайёҳлик бизнесини буткул йўқ қилиб юборган. Илгари маҳаллий аҳоли горилла популяциясини муҳофаза қилган. Аммо бунинг сабаби маҳаллий аҳолининг гориллаларга бўлган қандайдир эҳтироми эмас, балки сайёҳлардан келадиган маблағ гориллалар яшайдиган ўрмонларни кесишдан келадиган фойдадан кўпроқлигида эди. Аммо минтақада зўравонлик авж олгани сабабли ҳаммаси ўзгарди. Маҳаллий фуқаролардан бири “New York Times” газетасига берган интервьюсида шундай дейди: “Гориллалар биз учун сайёҳларни жалб этишда муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда, улар ҳеч қандай қийматга эга эмас. Агар сайёҳлар келмаса, омадимизни ўрмонда синаб кўришимизга тўғри келади. Илгарилари биз яхши ўтинчилар эдик”.

Айни пайтда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича мутасаддилар иқтисодиёт учун ғоят муҳим яна бир ғояни амалда синаб кўришмоқда. Қора каркидонлар ўлдирилишига сабаб уларнинг шохлари жуда қиммат эканида. Агар шохлар бўлмаса, ҳайвонларни ўлдириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Шунга асосланиб, баъзи жойларда экологлар қора каркидонларни тутиб, шохларини кесиб, табиатга қайтаришни бошлашди. Натижада каркидонларнинг айрим йиртқичларга қарши ҳимояси анча заифлашди, аммо энди уларнинг энг ашаддий душман – одамлар томонидан овланиши эҳтимоли кам. Бу усул иш бердими? У ҳақдаги маълумотлар турлича.

Баъзи ҳолатларда браконьерлар шохидан айрилган каркидонларни бошқа сабабларга кўра ўлдириши ҳали ҳам кузатилмоқда. Биринчидан, шохсиз ҳайвонни ўлдириб, браконьер кейинги сафар ўзи учун фойдасиз бўлган айнан шу шохсиз каркидонни қувишга вақт сарфламайди. Иккинчидан, кесилган шохдан қолган кичик бир бўлак учун ҳам бироз пул беришлари мумкин. Бундан ташқари, афсуски, ҳатто шохсиз каркидонларнинг ўлдирилиши ҳам бу тур йўқолиб кетиши хавфини янада кучайтирмоқда, чунки шохсиз каркидонлар камайгани сайин, мавжуд шохлар захирасининг қиймати ошиб бормоқда.

Намибия каркидонларни сақлаб қолиш йўлида уларни отишга рухсат берди. Бу ғоя ўта аҳмоқона эшитилсада, аслида ундай эмас (анча баҳсли бўлишига қарамай). Ҳар йили Намибия ҳукумати бештагача қора каркидонни овлаш имконини берадиган рухсатномаларни кимошди савдога қўяди. Овчилар ҳар бир каркидон учун одатда 350 минг долларгача тўлайди. Тушган маблағ каркидонлар муҳофазаси учун ишлатилади: жамоат қўриқхоналарини ташкил этиш, каркидонларнинг ҳаракати ва соғлиғини назорат қилиш учун шохларига кузатувчи мослама ўрнатиш ҳамда браконьерларга қарши курашиш. Овчилар фақатгина насл қолдириш ёшидан ўтган қари эркак каркидонларни овлаши мумкин. Ғояни қўллаб-қувватловчилардан бири шундай деган: “Битта каркидонни овлаш бошқа кўплаб каркидонларни сўйилишдан асраб қолиши мумкин”.

Айтилганларнинг барчасида биз бошқа муҳим жиҳатга эътибор қаратмадик, бу – талаб масаласи. Йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлардан тайёрланган маҳсулотлар билан савдо қилишга рухсат беришимиз керакмикан? Кўпчилик бу саволга йўқ, дея жавоб беради. Қўшма Штатлар сингари мамлакатларда қора каркидон шохидан ханжар ясаш ноқонуний ҳисобланади ва бу, албатта, бундай маҳсулотларга бўлган умумий талабни камайтиради. Натижада браконьерларнинг ушбу ҳайвонларни овлашга бўлган рағбати камаяди. Шу билан бирга, тескари фикр ҳам мавжуд. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича расмийларнинг баъзилари айтишича, чекланган миқдордаги каркидон шохлари (филлардан мисол келтирсак, фил суяги) билан савдо қилишга қонуний рухсат берилса, бу ижобий оқибатларга олиб келади: биринчидан, савдодан йиғилган маблағ қашшоқ ҳукуматларга браконьерликка қарши курашишга ёрдам беради; иккинчидан, бу ҳолат ноқонуний овлардан келган товарларнинг бозор нархини пасайтиради ва оқибатда браконьерларнинг ҳайвонларни ўлдириш истаги маълум даражада камаяди.

Ҳар қандай мураккаб сиёсий масалада бўлгани каби бу ерда ҳам ягона тўғри жавоб мавжуд эмас, аммо муаммони ҳал қилишнинг нисбатан самаралироқ йўллари бор. Хулоса шуки, қора каркидонни тур сифатида сақлаб қолиш табиий фанларга қанчалик алоқадор бўлса, иқтисодиётга ҳам шунчалик алоқадор. Биз қора каркидонлар қандай кўпайиши, нима ейиши ва қаерда яшашларини биламиз. Вазифамиз эса одамларни қора каркидонларни ўлдиришдан тўхтатишдир. Бунинг учун қора каркидонларнинг хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатларини эмас, балки одамларнинг қай тарзда фикрлаши ва ҳаракат қилишини тушуниш талаб этилади.

Рағбатлар муҳим. Бизга қилган ишимиз ҳажмига қараб тўлашса, кўпроқ ишлашни бошлаймиз. Бензин нархи кўтарилса, камроқ машина ҳайдаймиз. Агар мен талабаларимдан ўқишга берилган адабиётлар бўйича тест олсам, улар айтилган китобларни ўқиши эҳтимоли кўпроқдир. Адам Смит ўзининг “Халқлар бойлиги” асарида келтирган фикрлардан бири айнан шу эди: “Қассоб, пиво ишлаб чиқарувчи киши ёки новвой бизга бўлган хайрихоҳлиги туфайли эмас, балки ўз манфаатларини кўзлаб иш тутгани учун ҳам кечки овқати миз тайёрланишига ҳиссасини қўшади”. Билл Гейтс Тинчлик Корпусига қўшинларга қўшилиш учун эмас, балки “Microsoft”ни ташкил этиш ва сайёрадаги энг бой одамлардан бирига айланиш учун Ҳарвард университетини тарк этган. Шу билан бирга, у шахсий компьютерлар оламида инқилоб ясади, бу инқилоб эса барчамизнинг фаровонлигимизни юксалтирди. Дунёни ҳаракатга келтириб турган нарса айнан шахсий манфаатдир. Бу ғоя бемаъни туюлса-да, аслида бу кундек равшан. Шунга қарамай, уни доим ҳам эътиборга олишмайди. “Ҳар ким ўз қобилиятига кўра ишлайди, ҳар ким ўз эҳтиёжига кўра олади” деган эски шиор ўз вақтида яхши халқ қўшиғига айлангандир, аммо уни иқтисодий тизимда қўллаш нафақат самарасизлик, ҳатто оммавий очарчиликларга ҳам олиб келган. Бозор иқтисодиёти асосида қурилмаган ҳар қандай тизимда рағбатлар ва самарадорлик ўзаро алоқадор бўлмайди. Бундай тизимларда компаниялар ва ишчилар янгилик қилгани ҳамда меҳнатсевар бўлгани учун мукофотланмайди, дангасалик қилиб, суст ишлагани учун эса жазоланмайди.

Бу каби ёндашув натижалари қанчалик ачинарли бўлиши мумкин? Иқтисодчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Берлин девори қулаган пайтга келиб Шарқий Германиядаги баъзи автомобиль ишлаб чиқарувчилари амалда катта зарар билан ишлаган. Ишлаб чиқариш жараёни шу қадар самарасиз ва тайёр маҳсулот шунчалик яроқсиз эдики, заводлар ишлаб чиқариш учун сарфланган маблағдан ҳам арзонроқ бўлган машиналарни ишлаб чиқарарди. Аслида, улар мукаммал пўлатни олиб, удан расво нарса ишлаб чиқариш билан шуғулланарди холос! Иқтисодиётнинг йирик тармоқлари давлат томонидан эгалланган ва бошқариладиган Ҳиндистон сингари номигагина капиталистик мамлакатларда ҳам шундай ҳолатга дуч келиш мумкин. 1991 йилда Ҳиндистон ўғит корпорацияси фаолиятига 12 йил бўлганди. Ҳар куни 1200 нафар ишчи ўғит ишлаб чиқаришдек муштарак мақсад йўлида тинимсиз меҳнат қиларди. Фақат кичик муаммо бор эди: завод ҳеч ким сотиб олмайдиган ўғит ишлаб чиқарарди. Умуман сотилмайдиган ўғит. Давлат бюрократлари заводни бошқариш учун бюджетдан маблағ сарфларди. Аммо заводдаги ускуналар ҳеч қачон яхши ишламаган. Шунга қарамай, ҳар куни мингдан зиёд ишчи ишга келар, ҳукумат эса уларга маош тўлашда давом этарди. Аслида, бутун корхона иқтисодиётни ишлаб тургандек қилиб кўрсатадиган сароб эди. Заводни тугатишга қодир механизм бўлмагани учун у йиллар давомида шу тахлит ишлаган. Агар корхонани давлат молиялаштирса, маҳсулот ишлаб чиқариб, уни таннархидан юқорироқ нархда сотишга ҳеч қандай эҳтиёж бўлмайди.

Бу каби мисоллар кулгили туюлиши мумкин, аммо аслида ундай эмас. Шимолий Корея иқтисодиёти ҳам худди шундай тарзда таназзулга юз тутган. Мамлакат ўзини ўзи тўйдира олмайди, шунингдек, ташқи дунёга экспорт қилиш ва эвазига керакли миқдордаги озиқовқат олиш учун етарли қийматга эга ҳеч нима ишлаб чиқармайди. Дипломатлар, БМТ расмийлари ва бошқа кузатувчиларнинг фикрига кўра, Шимолий Корея халқи катта очарчилик ёқасида турибди. Бундай очлик 1990-йиллардаги фожианинг такрорланиши бўлади ‒ ўшанда очлик туфайли миллионга яқин одам вафот этган ва шимолий кореялик болаларнинг 60 фоизи очарчилик домида қолган. Ўша пайтларда журналистлар темир йўл бўйлаб юриб, ўтиб кетган поездлардан тушган кўмир ёки озиқ-овқат қолдиқларини қидираётган ва ўт еётган кишилар ҳақида ёзиб чиққанди.

Бугунги кунда АҚШда энергетика билан боғлиқ иккита катта масала мавжуд: чет эл нефтига қарамлик ва ҳавода карбонат ангидрид кўпайишининг атроф-муҳитга таъсири. Ўзаро алоқадор бу икки муаммони ҳал қилиш бўйича иқтисодчиларнинг фикри соҳа мутахассиси бўлмаганларнинг фикри билан бир хил: углеродга асосланган энергия нархини ошириш керак. У қанча кўпроқ харажат талаб қилса, биз ундан шунча камроқ фойдаланиб, атроф-муҳитни камроқ ифлослантирамиз. Отам билан боғлиқ жуда ёрқин болалик хотираларим бор. У экологик муаммолардан унчалик ҳам ташвишланмас, лекин сарфхаражатларга анча диққатли одам эди. Отамнинг доим уй атрофида айланиб юриб, шкафларнинг эшикларини ёпиб қўйиши ва “Мен шкафларингни совитиш учун кондиционерга пул тўламаяпман”, ‒ деб жеркиб бериши ҳали ҳам эсимда.

Шу билан бирга, Америкадаги давлат мактаблари Силикон водийсидан кўра кўпроқ Шимолий Кореяга ўхшаб ишлайди. Америкалик ўқитувчиларнинг маошлари уларнинг ишда кўрсатган натижалари билан ҳеч қанақасига боғлиқ эмас. Ўқитувчиларнинг касаба уюшмалари яхши ишлаганларни ҳар қандай тарзда рағбатлантиришга доим қатъиян қарши чиққан. АҚШнинг деярли барча мактаб округларида (биз давлат мактаблари ҳақида гапиряпмиз) ўқитувчиларнинг иш ҳақи уларнинг ўқитувчилик тажрибаси, неча йил ишлаганига асосланган қатъий формула бўйича белгиланади. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бундай мезонлар ўқитиш самарадорлиги билан, умуман олганда, боғлиқ эмас. Маошларни бу тарзда тақсимлаш иқтисодчилар “тескари танлов” деб атайдиган ҳодисани вужудга келтиради. Энг иқтидорли ўқитувчилар бошқа касбларни ҳам эплай олиши эҳтимоли юқорилиги сабабли таълим соҳасини тарк этиб, иш ҳақи уларнинг ҳақиқий самарадорлиги билан мувофиқ бўлган ишларни излаб кетади. Истеъдоди камроқлари эса мактабда қолади.

Бу жуда қизиқарли назария, фактлар ҳам етарли. Кишининг қобилиятлари тест натижалари билан кўрсатиладиган бугунги кунда ёрқин иқтидорга эга инсонлар ўқитувчилик касбидан жон-жаҳди билан қочмоқда. Энг зукко талабалар томонидан асосий сифатида танланиши эҳтимоли энг кам фан педагогикадир. Ҳатто педагогика йўналишида ўқийдиганлар орасида энг юқори балл тўплайдиган талабаларнинг ўқитувчилик касбини танлаши эҳтимоли паст. Ва ҳаттоки ўқитувчилик қилишга киришганлар орасида тест синовларида юқори балл тўплаганлар бу касбни тезда тарк этишга мойил бўлади. Ушбу маълумотларнинг бирортаси америкалик ўқитувчилар етарли маош олаётганини исботламайди. Ўқитувчиларнинг кўпи, айниқса, педагогикага соф муҳаббати туфайли касбни тарк этмаган иқтидорли кишилар ўз ишига муносиб тарзда маош олмайди. Умумий муаммо ўша-ўша: барча ўқитувчиларга бир хил маош тўлайдиган тизим энг иқтидорли кишиларни мактаб ташқарисидан иш излашга рағбатлантиради.

Унутмангки, пул номукаммал, баъзида эса ҳатто самарасиз рағбатдир. Ҳарвард иқтисодчиси Роланд Фрайер мамлакатнинг юзлаб мактабларида тажриба ўтказиб, юқори тест баллари ёки яхши баҳоларни олгани учун ўқувчиларга пул тўлаш уларнинг фанларни ўзлаштириш даражасини яхшилайди, деган хулосага келди. Масалан, Чикагодаги 9-синф ўқувчилари қисқа вақт ичида анча шиддат билан юқорилаган ўзлаштириш даражаси учун 2000 долларгача ҳақ олиши мумкин эди. Бу иш бердими? Унчалик ҳам эмас. Яхши ўқигани учун пул мукофотини олиши мумкин бўлган ўқувчилар гуруҳи ва бундай имконият берилмаган ўқувчилар гуруҳи ўртасида ҳеч қандай фарқ аниқланмади.

Фрайернинг назариясига кўра, ўқувчилар фанларни яхшироқ ўзлаштириш йўлларини билишмайди, шунинг учун уларга пул таклиф этиш сезиларли натижа бермайди. Бошқа бир тажрибасида Фрайер иккинчи синф ўқувчиларига ҳар бир ўқилган китоб учун 2 доллардан тўлади. Ўқувчилар бевосита, ҳеч қандай йўл-йўриқларсиз ҳам эплайдиган иш учун мукофот тайинлаш чиндан ҳам натижа берди ва охир-оқибат ўзлаштириш кўрсаткичлари яхшиланишига сабаб бўлди (гарчи ўқувчиларга айнан баҳолар учун мукофот берилмаган бўлса-да). Шу билан бирга, ёмон хатти-ҳаракатлар учун одамларни жаримага тортиш улар ўзларини бундан-да баттар тутишига олиб келиши мумкин. Исроилдаги бир нечта иқтисодчи тажриба ўтказди: ота-оналар ўз фарзандларини олиб кетиш учун болалар боғчасига белгиланган вақтдан ўн дақиқа кечроқ келишса, жаримага тортиларди. Натижада кечикадиган ота-оналар сони икки баравар кўпайди. Бунга энг тўғри изоҳ шуки, кеч келишдан уялиш ўрнини кеч келишнинг “нархи” эгаллади. Ота-оналар уларнинг болалари боғчада бироз ушланиб қолишидан хавотир олмай қўйди, чунки энди бунинг учун тўласа бўларди.

Одамлар ‒ мураккаб мавжудотлар, улар имкон қадар кўпроқ фойда олиш учун ҳар нарсага тайёр. Баъзан воқеалар қандай ривожланишини тахмин қилиш осон, баъзида эса ғоят мураккаб. Иқтисодчилар кўпинча “бузуқ рағбатлар” ҳақида гапиришади. “Бузуқ рағбатлар” биз умуман бошқача натижага эришиш учун ҳаракат қилганимизда, кутилмаганда вужудга келадиган оқибатлардир. Сиёсий доираларда буни баъзан “кутилмаган оқибатлар қонуни” деб аташади. Қуйидаги ҳолатни кўриб чиқайлик. Тижорат авиакомпанияларига парвоз чоғида гўдаклар ва ёш болалар коляскаларда ҳамда хавфсизлик камари тақилган ҳолда ўтиришини мажбурий қилиш таклиф этилган. Бу таклиф эзгу мақсадларни кўзлаганди. Клинтон президентлиги даврида Федерал авиация маъмуриятининг администратори Жейн Гарви унинг ташкилоти “самолётларда ёш болаларни катталар билан бир хил даражадаги хавфсизлик билан таъминлашга” бел боғлаганини таъкидлаган. Ўша пайтда Транспорт хавфсизлиги бўйича миллий кенгашнинг раиси бўлган Жеймс Ҳолл самолёт ҳавога кўтарилишидан аввал юклар эҳтиёткорлик билан маҳкамланиши, аммо “самолётдаги энг қиммат юк бўлмиш ёш болалар хавфсизлиги таъминланмагани” ҳақида қайғуриб гапирганди. Гарви ҳам, Ҳолл ҳам болалар ўриндиқларга маҳкам боғлаб қўйилганида, авиаҳалокатда омон қолишлари мумкин бўлган бир неча ҳолатни мисол қилиб келтирган. Бошқача айтганда, улар самолётларда болалар учун камарли коляскалар талаб қилиниши уларнинг жароҳат олиш эҳтимолини камайтиради ва ҳаёти асраб қолинади, деган фикрни билдиришган.

Бу фикр қанчалик ҳақиқатга яқин? Коляскалардан фойдаланиш учун оила самолёт салонидан қўшимча жой сотиб олиши керак, бу эса парвоз нархини сезиларли даражада оширади. Авиакомпаниялар болалар учун чегирмаларни тақдим этмай қўйишган: ҳар қандай жой – бу жой ва унда ўтириш учун бир неча юз доллар турадиган чиптани сотиб олиш керак. Натижада баъзи оилалар самолётда учишдан кўра машинада саёҳат қилишни маъқул кўра бошлайди. Ваҳоланки, ҳатто коляска билан жиҳозланган бўлса ҳам, автомобиль самолётга қараганда анча хавфлироқдир. Шундай экан, самолётларда коляскаларни мажбурий қилиш болалар (ва катталар)нинг жароҳатланиши ҳамда ўлими ҳолатларнинг кўпайишига олиб келади, камайишига эмас.

Рағбатлар қандай ишлаши тўлиқ ҳисобга олинмагани учун яхши ният ёмон натижаларга олиб келганига яна бир мисол бор. Мехико дунёдаги энг ифлосланган шаҳарлардан бири ҳисобланади. “New York Times” газетаси шаҳарни ўраб турган тоғ ва вулқонлар орасида “қамалиб қолган” ифлос ҳавони бир вақтлар “ифлослантирувчи моддалардан ташкил топган кулранг-сариқ пудинг” дея таърифлаган. Бу аҳволнинг асосий сабабчилари енгил ва юк автомобиллари эди. 1989 йилда мамлакат ҳукумати ҳаво ифлосланишига қарши курашиш дастурини ишга туширди. Янги қонунга кўра, барча автоуловларга навбатма-навбат ҳафтада бир маротаба кўчага чиқиш тақиқланган (дейлик, маълум рақамларга эга машиналар сешанба куни кўчага чиқа олмаган ва ҳоказо). Режа ортидаги мантиқ оддий эди: йўлларда машиналар қанча кам бўлса, ҳаво ифлосланиши ҳам шунча камаяди.

Хўш, амалда нима бўлди? Кутилганидек, кўпчилик одамлар машина ҳайдаш кунлари чеклангани туфайли вужудга келган ноқулайликдан мамнун эмасди. Уларнинг бунга қарши қандай реакция билдиришини иқтисодчилар таҳлил асосида башорат қилиши мумкин эди, аммо улар буни қилмади. Яна битта автомашина сотиб олишга қодир оилалар иккинчи машинасини сотиб олди ва эски автомобилини ҳам ўзида ушлаб турди. Энди улар ҳафтанинг қайсидир кунлари биринчи машинасини ҳайдаса, биринчи машинасини ҳайдаш тақиқланган кунлари иккинчисини ҳайдарди. Шундай қилиб, улар ҳафтанинг исталган кунида автомобиль ҳайдаш имкониятига эга бўлди. Бу эса дастур жорий этилишидан аввалги ҳаво ифлосланиши даражасидан ҳам ёмонроқ ҳолатни юзага келтирди, чунки йўлларда эски автомобилларнинг улуши ортди ва улар ҳавони янгиларига қараганда кўпроқ ифлослантирарди. Янги сиёсат оқибатида йўлларда атроф-муҳитни ифлослантирувчи машиналар камайиш ўрнига кўпайди. Кейинги тадқиқотлар ёнилғининг умумий истеъмоли ҳам ошгани ва ҳаво умуман тозаланмаганини кўрсатди. Кейинчалик дастур бекор қилинди, ўрнига эса автотранспорт воситаларидан чиқадиган газлар миқдорини мажбурий тарзда ўлчатиш тартиби жорий этилди.

Тўғри сиёсат ижобий натижаларга етаклайдиган рағбатлардан фойдаланади. Масалан, Лондондаги тирбандлик муаммосини ҳал қилишда бозор мантиғини қўллаш самара берган: шаҳарда тирбандлик авж оладиган соатларда машина ҳайдаш нархи ошириб қўйилди. 2003 йилда соат 7:00 дан 18:30 гача бўлган вақт оралиғида Лондон марказидаги тахминан йигирма бир квадрат километр лик ҳудудга кирадиган барча ҳайдовчилар учун 5 фунт стерлинг (8 доллар) миқдорида тўлов белгиланди. 2005 йилда бу тўлов 8 фунт стерлинг (13 доллар)га оширилди, 2007 йилда эса тўлов эвазига кириладиган ҳудуд кенгайтирилди. Ҳайдовчилар тўловни телефон, интернет орқали ёки баъзи чакана савдо дўконларида амалга оширишлари мумкин. Деярли етти юзта жойда видеокамералар ўрнатилган. Улар машина рақамларини сканерлайди ва бу рақамларни тўлов қилган ҳайдовчиларнинг рўйхати билан солиштиради. Лондон марказида машина ҳайдаб туриб тўлов қилмаган ҳайдовчиларга 80 фунт стерлинг (130 доллар) жарима белгиланган.

Ушбу режада бозорга хос асосий хусусиятларнинг биридан фойдаланилган: юқори нархлар талабни пасайтиради. Қатнов нархининг ошиши баъзи ҳайдовчиларни камроқ машина ҳайдашга ундайди ва йўллардаги вазият яхшиланади. Шунингдек, мутахассислар ушбу режа натижасида жамоат транспортидан фойдаланиш кўпайишини башорат қилган, чунки жамоат транспорти шахсий автомобилларга нисбатан арзонроқ. Бундан ташқари, йўлларда енгил машиналар камайгани сабабли автобуслар Лондон марказида анча тез ҳаракатлана олади (жамоат транспортида манзилга тезроқ етиб олиш имконияти шахсий автомобилдан фойдаланишга зарурат қолдирмайди). Дастур ишга туширилганидан бир ой ўтгач, натижалар ҳайратланарли эди. Транспорт ҳаракати 20 фоизга камайди (бир неча йилдан бери кузатилмаган ҳолат юз бериб, йўллардаги серқатновлик 15 фоиз кўрсаткичидан пастроққа тушди). Тирбандлик ҳудуди деб саналган йўлларда ўртача тезлик икки баравар ошди, автобуслар кечикиши икки баравар камайди ва автобусдан фойдаланадиганлар сони 14 фоизга кўпайди. Ягона кутилмаган салбий оқибат шу эди: дастур автоуловларнинг ҳаракатланишига шунақа кучли таъсир қилдики, ҳаракатланиш тўловларидан келадиган тушум кутилганидан камроқ бўлди. Бундан ташқари, дўкондорлар ҳаракатланиш тўловлари потенциал харидорларни Лондон марказига келишдан тўхтатиб турганидан шикоят қилганди.

Муваффақиятли сиёсат одамларнинг хулқ-атворини керакли натижа томон йўналтиришга хизмат қилади. Муваффақиятсиз сиёсат ё рағбатлантириш масаласини эътиборсиз қолдиради, ёки одатда мантиқ билан иш кўрадиган одамлар жазодан қочиб-қутулиш учун ўз хулқ-атворини қандай кескин ўзгартира олишлари мумкинлигини ҳисобга олмайди.

Хусусий секторга келсак, унинг мўъжизавий томони рағбатлантиришлар тўғри йўналтирилгани ва охир-оқибат барча учун фойда келтиришида, тўғрими? Афсуски, ҳар доим ҳам эмас. Америка корпорациялари юқоридан пастгача, бир-бирига рақобатчи бўлган ва тўғри йўналтирилмаган рағбатларга тўла чоҳдир. Фастфуд ресторанларида касса ёнидаги мана бу ёзувни кўрганмисиз: “Агар сизга чек берилмаган бўлса, овқатингизни текин қилиб берамиз. Илтимос, бунинг учун менежерга мурожаат қилинг”. “Burger King” оилавий ҳисоб-китобларингизни аниқ тарзда олиб боришингизга ёрдам бериш мақсадида чек берадими? Албатта, йўқ. Компания ўз ходимларининг ўғрилик қилишларини истамайди холос. Ресторан ходими учун ўғрилик қилиб, қўлга тушмасликнинг ягона усули – сотувни кассада рўйхатдан ўтказмай амалга ошириш. Бунда сотувчи сизга гамбургер ва чипс сотади, лекин чек бермайди, пул эса сотувчининг чўнтагига кетади. Иқтисодчилар буни директорагент муаммоси деб аташади. Директор (“Burger King”) компания манфаатларига тўғри келмаслиги мумкин бўлган кўпгина ишларни бажаришга мойил агент (кассир) ни ёллайди. Шу билан бирга, “Burger King” ўз ходимларини бошқариш, уларнинг ўғирлашларига йўл қўймаслик учун кўп вақт ва пул сарфлаши мумкин ёки осонроқ йўл ни танлаб, назорат функциясини тегишли рағбатлантириш орқали истеъмолчига бериши мумкин. Шундай қилиб, кассадаги ёзув чиндан ҳам ақлли бошқарув воситасидир.

Шуни таъкидлаш керакки, директор-агент муаммоси Америка корпорацияларининг нафақат қуйи қисмида, балки энг юқори поғоналарида ҳам мавжуд. Гап шундаки, Американинг йирик корпорацияларини бошқарадиганлар (бош директорлар ва бошқа топ менежерлар) ҳар доим ҳам бу компанияларга эгалик қилувчи шахслар, яъни акциядорлар бўлмайди. Айтайлик, мен “Starbucks”нинг улушига эгалик қиламан, лекин компания бош директорининг исмини ҳам билмайман. Қандай қилиб директор манфаатларимни кўзлаб ҳаракат қилаётганига амин бўлишим мумкин? Дарҳақиқат, корпоратив менежерларнинг “Burger King” кассирларидан фарқи йўқ, деб ишонишга жуда кўп асослар мавжуд: директорларда ўз компанияси манфаатларига ҳар доим ҳам тўғри келмайдиган хатти-ҳаракатларга ундовчи майллар бор. Улар кассадан бошқача усулда пул ўмаришлари мумкин. Масалан, шахсий самолёт сотиб олиш ёки гольф клубларига аъзо бўлиш учун компания бюджетидан ўзларига маблағ олишлари мумкин. Улар акциядорларга эмас, балки ўзларига фойда келтирадиган стратегик қарорларни қабул қилади. Масалан, иккита ёки ундан ортиқ компания бирлашган ҳолатларнинг учдан икки қисмида бирлаштирилган корхоналар қиймати ошмайди ва бирлашувларнинг учдан бир қисмида акциядорлар зарарга кириб кетади. Нега шундай ақлли бош директорлар кўпинча молиявий фойдаси кам бўлган ишларни қилади?

Иқтисодчиларнинг фикрига кўра, бу саволга бериладиган жавобнинг бир қисми шуки, ҳатто акциядорлар охирида ютқазса ҳам, бош директорлар бирлашма корхоналарни тузишдан кўпинча фойда кўради. Чунончи, бош директор мураккаб корпоратив битим тузиш орқали катта эътиборни ўзига жалб этади. Битим натижасида у йирикроқ ва обрўлироқ компанияни бошқарадиган бўлади. Бу янги бирлашган компания унинг таркибидаги корхоналарнинг ҳар биттаси бирлашувдан аввал келтирганидан ҳам камроқ фойда келтириши мумкин, бироқ унда кўпроқ офислар, самолётлар ва юқорироқ иш ҳақи бўлади. Бошқа томондан қараганда, албатта, баъзи бирлашма корхоналар стратегик нуқтаи назардан идеалдир. Аммо мен, яъни компания капиталида муҳим улушга эга ва кўп нарсадан хабарсиз акциядор, аслида вазият қандай эканини қай тарзда тушунишим мумкин? Мен ҳатто “Starbucks” бош директорининг исмини ҳам билмайман ва у асосий вақтини офисдаги чиройли котибаларга қошини учиришга кетказмаётганини қаердан билай? Жин урсин, бундай бехабарлик “Burger King”нинг менежери бўлишдан ҳам оғирроқ!

Бирмунча вақт доно иқтисодчиларимиз акция опционлари муаммони ҳал қилишга ёрдам беради, деб ишониб келишган. Бу восита кассадан чек олишни эслатадиган ёзувга ўхшаб менежерларни ўғрилик қилишдан тийиб туриши керак эди. Шундай қилиб, бугунги кунда АҚШдаги аксарият бош директорлар ва бошқа юқори даражадаги раҳбарлар ўз иш ҳақининг катта қисмини акция опционлари шаклида олади. Ушбу опционлар ўз эгасига келажакда компаниянинг қимматли қоғозларини олдиндан белгиланган нарх бўйича сотиб олиш имкониятини беради (масалан, ҳар бир акцияни 10 доллардан). Агар компания катта фойда кўрса ва бир акциянинг қиймати, масалан, 57 долларгача кўтарилса, унда опционлар жуда катта фойда беради (очиқ бозорда 57 долларга сотиладиган нарсани 10 долларга сотиб олиш жуда зўр). Бошқа томондан, бир акция нархи 10 доллардан 7 долларгача тушса, опционлар сариқ чақага арзимай қолади. Агар бирор нарсани очиқ бозорда 7 долларга, яъни 3 долларга арзонроқ сотиб олишингиз мумкин бўлса, уни 10 долларга сотиб олиш ярамайди. Ушбу схеманинг мақсади бош директорнинг мотивларини имкон қадар акциядорларнинг манфаатлари билан уйғунлаштиришдир. Акция нархлари кўтарилса, ҳам компания раҳбари бойийди, ҳам акциядорлар фойда кўради.

Бироқ айёр бош директорлар опцион ўйинининг қоидаларини четлаб ўтиши мумкин экан (кассирлар кассадан пул ўғирлашнинг янги усулларини кашф этгани каби). Ушбу китобнинг биринчи нашри чиқмасидан аввал Федерал захиранинг собиқ раҳбари Пол Уолкердан китобни ўқиб чиқишни сўрадим, чунки у университетда ўқитувчим бўлган. Уолкер китобни ўқиди. Китоб унга ёқди. Аммо у менга акциядорлар ва компания раҳбарлари манфаатларини уйғунлаштириш воситаси сифатида акция опционларини мақтамаслигимни маслаҳат бериб, бу опционлар “шайтоннинг қуроли” эканини таъкидлади.

Пол Уолкер ҳақ эди. Мен эса ноҳақ. Опционлар билан юзага келиши мумкин бўлган муаммо қуйдагича: раҳбарлар ўз компанияларининг акцияларини шундай тасарруф этишлари мумкинки, улар қисқа вақт ичида раҳбарга фойда келтиради, лекин узоқ истиқболда ёмон ва ҳатто ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Аммо у пайтгача бош директор ўн минглаб опционларни улкан фойда билан сотиб юборган бўлади. Фаолиятини менежмент ва менежерларнинг мотивларини ўрганишга бағишлаган Ҳарвард бизнес мактаби профессори Майкл Женсен бу масалага Пол Уолкердан ҳам совуққонроқ ёндашади. У опционларни “менежерлар героини” деб атайди, чунки, унга кўра, опционлар бошқарувчиларга қисқа вақт ичида максимал фойда олишга туртки беради, бу эса истиқболда зарарга олиб келади. Изланишлар кўрсатдики, акция опционларидан фаол фойдаланадиган компаниялар нисбатан кўпроқ молиявий фирибгарликка қўл урар ва уларнинг қарзни тўлай олмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлар экан.

Шу билан бирга, бош директорларнинг (опционлари бўлса ҳам, бўлмаса ҳам) бизнесни назорат қилиш билан боғлиқ ўз бошоғриқлари бор. “Lehman Brothers” ва “Bear Stearns” каби инвестиция банклари катта таваккалчиликларга қўл урган ўз ходимлари томонидан том маънода барбод қилинди. Бу молиявий инқирознинг сабаб‐оқибатлари занжиридаги энг муҳим бўғинлардан бири бўлди. Катта муаммо ҳалокатли тус олган жой Уолл стрит бўлди. Бутун мамлакат бўйлаб банклар уй-жой пуфагини хатарли кредитлар билан шишираверди, чунки улар шу кредитларни тезда бир-бири билан бирлаштириб, инвесторларга сотиб юбориши мумкин эди (банк ипотекангизни олади, уни менинг ипотекам ва бошқа кўплаб ипотека кредитлари билан бирлаштиради, сўнгра бутун пакетни келажакдаги даромад эвазига ҳозир нақд пул тўлашга тайёр турган шахсга сотиб юборади, келажакдаги даромад оқими эса ойлик ипотека тўловларимиздан келади). Барчаси масъулият билан амалга оширилса, бундай тизимнинг ёмон томони йўқ: банк зудлик билан пулини қайтариб олади ва бу пулдан янги кредитлар беришда фойдаланиши мумкин. Аммо масъулият билан ёндашилмаса, ишнинг пачағи чиқади.

Молиявий инқироз бўлиб ўтгандан сўнг 2009 йилда Халқаро Валюта Жамғармасининг собиқ бош иқтисодчиси Саймон Жонсон “The Atlantic” журналига инқироз бўйича мукаммал таҳлилларни тақдим этган. У, хусусан, қуйидагиларни ёзган: “Йирик тижорат ва сармоя банклари ҳамда улар билан ёнма-ён ишлаган жамғармалар ушбу ўн йилликда коттежлар бозори ва фонд биржаларида юз берган пуфаклардан катта фойда кўрди. Уларнинг фойдаси нисбатан кам сонли реал жисмоний активларга асосланган битимлар муттасил кўпайиши ҳисобига ошаверди. Ҳар сафар кредит сотилиб, бошқа кредитлар билан бирлаштирилиб, қимматли қоғозларга айлантирилиб, қайта сотилганида, банклар битимдан келадиган комиссия тўловларини олишган ҳамда қимматли қоғозларни сотиб олган инвестиция жамғармаларининг активлари кўпайиб, жамғармалар ҳар доимгидан ҳам катта фойда кўришган”.

Ҳар бир битимда ўзига хос таваккалчилик бўлади. Афсуски, кейинчалик “заҳарли”га айланиб кетадиган активларни сотиб олиш ва сотишдан катта комиссиялар олувчи банкирлар зарар учун тўлиқ жавобгар эмас, фирмалар жавобгардир. Муваффақият бўлса – банкка ҳам, компанияга ҳам фойда; зарар бўлса – фақат компанияга зарар. “Lehman Brothers” билан бўлиб ўтган воқеалар бунга яхши мисолдир. Ҳа, “Lehman Brothers” ишчилари ўз ишидан айрилди, аммо компаниянинг қулашида энг кўп айбдор бўлган кишилар омади чопган чоғларида тўплаб олган катта бонусларини қайтариб бермади.

Яна бир айбдорни эслаб ўтиш лозим. Бу сафар ҳам асосий муаммо – нотўғри йўналтирилган рағбатлар. “Standard & Poor’s”, “Moody’s” ва бошқа кредитни баҳоловчи агентликлар мустақил ташкилотлар ўлароқ янги активлар билан боғлиқ таваккалларни баҳолашлари керак. Молиявий офат тагида қолиб кетган ва кейинчалик “заҳарли” деб тан олинган кўплаб активлар қачонлардир кредит рейтингларида чиройли юлдузчалар билан баҳоланганди. Қисман бунга оддий лаёқатсизлик сабаб бўлган. Баҳоловчи агентликлар ўз иши учун облигациялар ва бошқа қимматли қоғозлар савдоси билан шуғулланувчи фирмалардан хизмат ҳақини олса ҳам, самарали ишламаган. Бу машиналарни баҳоловчи киши фойдаланилган автоуловингиз ёнида туриб, харидорларга маслаҳат бергани учун пул олишига ўхшаб кетади: “Ҳой, Боб, манави ерда туриб, харидорларга улар тўғри ёки нотўғри танлов қилаётганини айтгин”. Сизнингча, бу қанчалик фойдали?

Айтишим мумкинки, очиқ акциядорлик жамиятларининг раҳбарлари учун ҳам, фирма капиталига жа вобгар бошқа ходимлар учун ҳам корпоратив рағбатлар муаммоси долзарблигича қолмоқда. Бу ерда ҳал қилиш қийин бўлган фундаментал зиддият бор. Бир томондан, компания янгилик яратиш, таваккал қилишдан қўрқмаслиги, таҳлил қилиш, ишчанлик ва шунга ўхшаш хислатларни мукофотлаши керак. Бу каби фазилатлар компания учун фойдалидир ва уларни кўрсатган ходимлар албатта яхшигина иш ҳақи, баъзи ҳолларда эса жуда юқори иш ҳақини олишлари керак. Бошқа томондан, инновация билан шуғулланадиган (масалан, янги молиявий активларни ишлаб чиқадиган) ходимлар нима қилаётганликларини ҳар доим раҳбарларидан кўра яхшироқ билади. Ўз навбатида раҳбарлар акциядорларга қараганда кўпроқ нарсани билади. Бизнеснинг қийин томони шундаки, ходимларни яхши натижалар учун мукофотлаш керак, аммо бу йўлда ходимларга компанияга зарар етказиш учун рағбат яратиб қўймаслик ҳам лозим.

Директор-агент муаммолари дунёнинг энг йирик корпорацияларидагина учрамайди. Кўпгина ҳолларда мотивлари бизникига ўхшаш, аммо бизники билан айнан бир хил бўлмаган одамларни ишга ёллашимизга тўғри келади. “Ўхшаш” ва “бир хил” ўртасидаги фарқ ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин. Масалан, фирибгарларнинг ўзига хос тури бўлмиш кўчмас мулк агентлари, яъни риелторларни олайлик, улар сизнинг манфаатларингизни ўйлаб иш тутишлари керак, аммо улар доим ҳам бундай қилмайди. Мулкни сотиб оляпсизми ёки сотяпсизми, аҳамияти йўқ. Келинг, аввалига вазиятни харидор кўзи билан кўриб чиқамиз. Агент хушмуомалалик билан сизга кўплаб уйларни кўрсатиб чиқади ва ниҳоят сиз ўзингизга мос уйни топасиз. Ҳозирча ҳаммаси яхши. Энди сотувчи билан уй нархи устида савдолашиш вақти келади ва бу масалада кўпинча риелтор асосий маслаҳатчингиз вазифасини ўтайди. Бироқ риелторнинг хизмат ҳақи сиз сотиб олган уйнинг нархидан фоиз эканини ҳисобга олсак, сиз уй учун қанча кўп тўлашга тайёр бўлсангиз, агент шунча кўп пул топади ва харид жараёни шунча кам вақт олади.

Кўчмас мулкни сотаётганнинг ҳам муаммолари бор, аммо улар камроқ кўзга ташланади. Уйни қанча юқори нархда сотсангиз, агентингиз шунча кўп пул топади. Бу яхши. Аммо рағбатлар ҳали ҳам тўғри йўналган эмас. Сиз 300 минг доллар атрофида турадиган уйни сотяпсиз, дейлик. Агент унинг нархини 280 минг этиб белгилаши ва йигирма дақиқа ичида сотиши мумкин. Ёки 320 минг доллар нарх белгилаб қўйиб, уйни нархига қарамай сотиб олишга тайёр харидорни кутиши мумкин. Иккала ҳолатда сотиш орқали кўрадиган даромадингиз ёки зарарингиз жуда катта – 40 минг доллар. Бироқ кўчмас мулк агенти учун вазият бутунлай бошқача бўлиши мумкин. Уй юқори нархда сотувга қўйилса, риелтор уйни потенциал харидорларга бир неча ҳафта давомида кўрсатиши, улар учун эшикларни доимий очиб туриши, ҳаттоки уйдан ёқимли ҳид келиши учун печенье пишириб туришига тўғри келади. Бошқача айтганда, бир дунё иш. Айтайлик, агентнинг фойдаси уч фоизни ташкил этади. Демак, у деярли ҳеч нарса қилмасдан уйни 280 минг долларга сотиши ва 8400 доллар ишлаши ёки кўп ҳафталик машаққатли меҳнатдан сўнг 9600 доллар ишлаб топиши мумкин. Ўзингиз қайси бирини танлаган бўлардингиз? Савдо харидор фойдасига бўладими ёки сотувчининг фойдасига – агент учун аҳамияти йўқ. Ҳар қандай кўчмас мулк агенти учун энг кучли мотив – шартномага қўл қўйдириб олиш холос.

Иқтисодиёт бизни мотивларни тўғри танлашга ўргатади. “Wall Street” фильмидаги қаҳрамон Гордон Гекко айтганидек, очкўзлик яхши, шунинг учун ҳам у доим сиз билан эканига ишонч ҳосил қилинг. Бироқ Геккони мутлақо ҳақ деб бўлмайди. Баъзида очкўзлик ҳатто ғирт худбин одамлар учун ҳам зарарга ишлайди. Дарҳақиқат, иқтисодиётнинг баъзи қизиқарли масалалари айнан шу каби ҳолатлар билан боғлиқ бўлиб, бундай вазиятларда оқилона фикрлайдиган кишилар ўз манфаатлари йўлида иш кўради, аммо алалоқибат уларнинг аҳволи ёмонлашади. Қизиғи шундаки, улар мутлақо оқилона ҳаракат қилган.

Бу ҳолатга классик мисол сифатида “маҳбус дилеммаси”ни келтириш мумкин. У ўйлаб топилган модель бўлса-да, инсон хулқ-атворини жуда аниқ акс эттиради. “Маҳбус дилеммаси” қуйидаги ҳолатни таърифлайди: қотилликда гумон қилиниб ҳибсга олинган икки киши алоҳида сўроқ қилиниши учун зудлик билан турли хоналарга олиб борилади. Иккаласига қарши ҳам далиллар унчалик ишонарли эмас ва полиция уларнинг иқрор бўлишини кутмоқда. Агар гумонланувчилардан бири бошқасини жиноят бошловчиси сифатида кўрсатса, ҳуқуқ-тартибот органлари у билан келишишга тайёр.

Агар иккаласи ҳам шеригига қарши кўрсатма беришдан бош тортса, полиция иккаласини ноқонуний қурол сақлаганликда айблайди, бу эса беш йиллик қамоқ жазоси дегани. Агар айбига иқрор бўлишса, иккаласи ҳам қотиллик учун йигирма беш йилга озодликдан маҳрум этилади. Кимки айбни бошқасига тўнкаса, жиноятга шериклик қилгани учун уч йил, шериги эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Хўш, вазият қайси сценарий бўйича кетади?

Шубҳасиз, ҳеч нима демаслик – иккала томон учун ҳам энг фойдали йўл. Бироқ улар бошқача йўл тутади. Иккаласи ҳам чуқур ўйларга шўнғийди. А исмли маҳбус ўйлай бошлайди: агар шериги полицияга ҳеч нарса демаса, у шеригини сотиб, ўзи уч йиллик қамоқ билан қутулиш имкониятига эга бўлади. Кейин эса “Шеригим ҳам шундай ўйлаётган бўлса-чи”, дейди. Агар шундай бўлса, айбни тан олиш ва шу орқали жиноят учун бутун жавобгарлик ўзининг зиммасида қолиб кетишидан сақланиш ‒ яхшироқ йўл. Дарҳақиқат, шерик нима қилмасин, жиноятни тан олиш унинг учун энг яхши стратегик йўлдир: жиноятни тан олиш уни ё уч йиллик қамоққа туширади (агар шериги оғиз очмаса) ёки умрбод қамоқдан қутулишга (агар шериги уни сотса) имкон беради.

Б исмли маҳбусда ҳам айни шу мотивлар бўлиши аниқ. Натижада иккаласи ҳам жиноятни тан олади ва иккаласи ҳам йигирма беш йилга озодликдан маҳрум қилинади. Аммо улар фақат беш йил билан қутулиб қолишлари ҳам мумкин эди. Қизиғи, иккаласиям бу ҳолатда мантиқсиз иш қилмади.

Ушбу модель шахсий манфаатга тийиқсиз интилиш ачинарли оқибатларга олиб келишини тушунтиради. Хусусан, бу қайта тикланадиган табиий ресурслар, масалан, балиққа ҳам тегишли. Мисол учун, Атлантика қилич балиқларини овлашда ҳар мавсумда чекловлар ўрнатилади, натижада овланган балиқ миқдори барқарор бўлади, ҳатто ошиши ҳам мумкин. Балиқлар сони ошиши эса балиқчиларга қўшимча даромад манбаи бўлиб хизмат қилади. Аммо қилич балиқларни битта одам овламайди, шу сабабли қилич балиқларни ким тутаётгани ва қанча тутаётганини тартибга солиш анча мураккаб. Натижада бир-биридан мустақил бўлган балиқчилар юқорида таърифланган дилеммадаги каби тергов остида қолган маҳбусларга ўхшаб ҳаракат қила бошлайди. Уларда иккита йўл бор: ёки атроф-муҳитни асраш мақсадида овни чеклайди, ёки қилич балиқларни иложи борича кўпроқ овлайди. Хўш, қайси бирини танлашади?

Маҳбус дилеммасига таяниб қуйидагича башорат қилса бўлади: балиқчилар энг фойдали натижага эришиш учун бир-бирларига ишонишлари керак, аммо улар бирбирларига етарлича ишонишмайди ва шу сабабли ҳам уюшиб ҳаракат қилишмайди. Род Айленддаги балиқчи Жон Сорлиэн “New York Times”га тобора камайиб бораётган балиқ популяцияси ҳақида шундай дейди: “Бугун менинг бирдан-бир мақсадим – денгизга чиқиб, иложи борича кўпроқ балиқ овлаш. Менда балиқ популяциясини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай рағбат йўқ, чунки мен тутмаган балиқни барибир бошқа биров тутади”. Натижада дунёда тунец, треска, қилич балиқ ва омар қисқичбақаси камайиб бормоқда. Айни пайтда сиёсатчилар молиявий қийналган балиқчиларни турли субсидиялар билан боғлаб, вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Субсидиялар уларни балиқчилик саноатида ушлаб туриш учунгина хизмат қилади, йўқса, айрим балиқчилар бу ишни ташлашлари мумкин.

Баъзан одамларни ўзларидан қутқариш керак. Бунга Австралиянинг жанубий қирғоғида жойлашган Порт Линкольн шаҳридаги қисқичбақачилик жамияти – яхши мисол. Ўтган асрнинг 60-йилларида улар омар қисқичбақасини овлаш учун ишлатиладиган тузоқлар сонига чеклов белгилашди ва бу тузоқлардан фойдаланишни истайдиганларга лицензия сота бошлашди. Ўшандан бери қисқичбақа овлашни истаган ҳар бир киши бошқа қисқичбақа овчисидан лицензия сотиб олиши керак. Умуман олганда, овга қўйилган чегара омар қисқичбақаси популяциясини сезиларли оширишга хизмат қилди. Таъкидлаш жоизки, Порт Линкольн қисқичбақа овчилари ҳозирда америкалик ҳамкасбларига қараганда камроқ ишласа-да, улардан кўра кўпроқ қисқичбақа овлайди. Шу билан бирга, 1984 йилда 2 минг долларга сотиб олинган лицензиянинг нархи ҳозир 35 мингга яқинлашиб қолган. Австралиялик қисқичбақа овчиси Дэрил Спенсер “The Times” газетасига берган интервьюсида шундай дейди: “Нима учун балиқчиликка зарар етказишим керак? Бу менинг нафақа жамғармам. Уммонда омар қисқичбақаси қолмаса, менга ҳеч ким овлаш тузоғи учун ўттиз беш минг доллар тўламайди. Агар ҳозирда мавжуд ресурсларни талон-торож қилиб, балиқларни қириб юборсам, ўн йил ичида лицензиям ҳеч нимага ярамай қолади”. Дэрил Спенсер дунёнинг бошқа қисмларида яшовчи балиқчиларга қараганда ақллироқ ёки кўпроқ табиатсевар эмас, шунчаки унинг мотивлари бошқача. Ажабланарлиси шундаки, баъзи экология ҳимоячилари лицензиялар жамоат мулкини “хусусийлаштириши” сабабли бундай лицензияланган квоталарга қарши чиқмоқда. Шунингдек, улар йирик корпорациялар лицензияларни сотиб олиб, охир-оқибат, кичик балиқчиларни бизнесдан сиқиб чиқариши мумкинлигидан ҳайиқади.

Кузатувлар кўрсатмоқдаки, хусусий мулк ҳуқуқининг жорий этилиши – якка балиқчиларга маълум миқдордаги балиқни овлаш ҳуқуқини тақдим этиш ва бу ҳуқуқни бошқаларга сотиш учун имкон бериш – тижорий балиқчиликнинг инқирози шароитида энг самарали ечим экан. 2008 йилда ўтказилган ва “Science” журналида чоп этилган ушбу соҳадаги тадқиқотлар кўрсатишича, бир балиқчи томонидан иккинчисига берилиши мумкин бўлган квоталар жаҳондаги балиқ популяциясининг қирилиб кетишини тўхтата олади ва ҳатто унинг кўпайишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, бундай квоталарни қўллаш шарти билан бошқариладиган балиқ овлаш компанияларининг муваффақиятсизликка учраш эҳтимоли анъанавий усулларни қўллаган корхоналарникидан икки баробар камроқ.

Рағбатлар тўғрисида таъкидлаб ўтиш арзийдиган яна иккита фикр бор. Биринчидан, бозор иқтисодиёти нафақат ғолибларни мукофотлаши, балки ютқазганларни парча-парча қилиб ташлаши сабабли меҳнатсеварлик ва тараққиётни рағбатлантиради. 1990-йиллар интернетга алоқадор бўлганлар учун олтин давр эди. Аммо электр ёзув машиналари бизнеси учун жуда ёмон вақт эди. Адам Смитнинг “кўринмас қўли”да бевосита “бунёдкор бузғунчилик” ғояси мавжуд (бу атама австриялик иқтисодчи Йозеф Шумпетер томонидан таклиф қилинган). Бозор аҳмоқликни кечирмайди. “Walmart” компаниясини олайлик ‒ бошқа рақобатчиларни чангида қолдириб кетадиган муваффақиятли чакана савдо компаниясини. Америкаликлар айнан “Walmart”дан харид қилади, чунки унинг дўконлари арзонроқ нархларда ажойиб маҳсулотларни таклиф этади. Бу, албатта, яхши. Маҳсулотларни арзон нархларда сотиб олиш кўпроқ даромад олиш билан тенгдир. Шу билан бирга, Иллинойс штатидаги Пекин шаҳрида жойлашган “Al’s Glass and Hardware” дўкони ҳамда бошқа ердаги майда оилавий дўконлар учун “Walmart” қўрқинчли рақобатчидир. Сабаби оддий: “Walmart” шаҳар четида улкан савдо марказини очади ва бир неча йил ўтиб, шаҳар марказидаги барча кичик дўконлар ёпилиб кетади.

Капитализм ниҳоятда шафқатсиз тизим бўлиши мумкин. Биз орқага қараб, буғ двигатели, механик тикув машинаси ёки телефон каби технологик ютуқлар ҳақида жўшиб гапирамиз. Аммо технологик тараққиётнинг бу мўъжизалари темирчи, тикувчи ёки телеграф оператори каби касбларнинг аҳамиятини тушириб юборди. Бунёдкор бузғунчилик – бозор иқтисодиёти шароитида эҳтимоллиги эмас, балки аниқ содир бўладиган воқеа. XX асрнинг бошларида америкаликларнинг ярми деҳқончилик ёки чорвачилик соҳасида ишлаган. Ҳозирги кунда АҚШдаги ҳар 100 кишининг биттаси бу соҳаларда ишлайди ва уларнинг сони камайиб бормоқда (Айова штати йилига 1500 га яқин фермерни йўқотмоқда). Эътибор беринг, бу қуйидаги иккита йирик муаммога олиб келгани йўқ: 1) биз очарчилик сабаб қирила бошламадик; 2) ишсизлик даражаси 49 фоизга кўтарилмади. Аксинча, америкалик фермерлар шунақа самарали ишлашни ўргандики, эндиликда уларнинг сони анча камроқ бўлиши ҳам бизни боқиш учун етарли. Бундан 90 йил олдин қишлоқ хўжалиги билан шуғулланган одамлар ҳозирда машиналаримизни таъмирламоқда, компьютер ўйинларини яратмоқда, профессионал футболда ўйнамоқда ва ҳоказо. Тасаввур қилинг-а, агар Стив Жобс, Стивен Спилберг ва Опра Уинфри маккажўхори етиштирувчи фермер бўлганида, жамиятимиз қанчалик зарар кўрарди.

Бунёдкор бузғунчилик узоқ вақтдан кейин улкан ижобий кучга айланади. Ёмони шуки, одамлар ўз тўловларини келажакда эмас, ҳозир амалга оширади. Ипотека компанияларининг ходимлари биздан тўловни ҳар ой кечиктирмасдан олиш учун керагидан ортиқ қатъиятга эга. Завод ёпилса ёки муайян бир саноат тармоғи рақобат туфайли бизнесдан сиқиб чиқарилса, бундан зарар кўрган ишчилар ва ижтимоий гуруҳлар қайтадан оёққа туришлари учун, катта эҳтимол билан, йиллар ўтиши ва ҳатто бутун бошли бир авлод алмашиши керак бўлади. Янги Англиядан машинада ўтиб кетган ҳар ким ташландиқ ёки камдан-кам ишлатиладиган фабрикаларни кўргандир. Улар – Америка ҳали тўқимачилик маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқарган кунлардан қолган эсдалик. Индиана штатидаги Гэри шаҳридан машинада ўтаётганингизда эса, бир неча километрга чўзилган ва занглаб кетган пўлат ишлаб чиқариш корхоналарига дуч келасиз. Бу корхоналар Гэри шаҳри ҳар доим ҳам аҳоли жон бошига қотилликлар сони бўйича Американинг бошқа шаҳарларидан ўтиб кетадиган жой бўлмаганини эслатади. 2016 йилда Дональд Трамп сайланиши ҳам ўзини халқаро рақобатда сиқиб чиқарилаётгандек ҳис этган дарғазаб сайловчилар норозилигининг қисман ифодаси эди.

Рақобат муҳитида ҳар доим кимдир ютқазади, шунинг учун ҳам сўзда рақобатни бемалол қабул қиламиз, амалда эса кўпинча унга ғазаб билан қарши чиқамиз. Университетдаги курсдошларимдан бири ўқишни битирганимиздан сўнг бироз вақт ўтиб, мичиганлик конгрессмен қўлида ишлай бошлади. У ишга ўзининг япон машинасини ҳайдаб келолмасди, бу машина автотураргоҳдаги конгрессмен учун ажратилган жойга қўйилмаслиги учун. Конгрессмендан кимлигини сўрасангиз, у ўзини капиталист дейиши тайин. Албатта, у бозор иқтисодиётига ишонади – фақат бу ишонч Япония компанияси янада яхши ва арзонроқ автомобилларни ишлаб чиқаргунига қадар давом этади. Сўнгра эса шундай сифатли автоуловлардан бирини сотиб олган ходим ишга поездда бориб келишга мажбурланади (фикримча, америкалик автомобилсозлар 1970–1980-йилларда Япониядан келган импортнинг илк тўлқинидан сиёсий ҳимоя излаш ўрнига халқаро рақобатда тўғридан-тўғри қатнашганида, узоқ истиқболда анча кучайиб кетарди). Бу ерда ҳеч қандай янгилик йўқ: рақобат унда бошқалар қатнашган тақдирдагина энг яхши натижа беради. Саноат инқилоби даврида инглиз қишлоқларидаги тўқувчилар намойишларга чиқишган, парламентга мурожаатлар ёзишган ва ҳатто механизацияни тўхтатиш учун тўқимачилик фабрикаларини ёқишган. Дейлик, улар ўз ниятига етиб, биз ҳали ҳам ҳамма кийимларимизни қўлда тўқиганимизда, яхшироқ яшармидик?

Агар сичқон овлаш учун яхшироқ қопқон ишлаб чиқарсангиз, бутун дунё эшигингиз тагига келади. Агар ҳамон эскича қопқонларни ишлаб чиқарсангиз, унда айрим ишчиларингизни ишдан бўшатиш вақти келди. Ушбу мисол нима учун халқаро савдо ва глобаллашув, “WalMart” сингари йиртқич чакана савдо тармоқлари ва ҳаттоки баъзи турдаги технологиялару автоматлаштириш воситалари борасида иккиланишимизни тушунтиришга ёрдам беради. Рақобат, шунингдек, баъзи қизиқарли сиёсий танловларга олиб келади. Ҳукуматлардан доим рақобат босими остидаги компания ва соҳаларга ёрдам бериш ҳамда ишчиларни ҳимоя қилиш талаб этилади. Бироқ рақобат оғриғини камайтириш учун кўриладиган кўпгина чоралар, масалан, компанияларни молиявий қўллаб-қувватлаш ёки ишчиларни ишдан бўшатишни қийинлаштириш кабилар бунёдкор бузғунчилик жараёни секинлашуви ёки тўхтаб қолишига олиб келади. Ўрта мактабдаги футбол бўйича мураббийим айтганидек: “Ғалаба қийинчиликсиз бўлмайди”.

Рағбатлар билан боғлиқ бўлган ва давлат сиёсатини қийинлаштирувчи яна бир масала бор: пулни бойлардан олиб, камбағалларга тақсимлаш осон эмас. Конгресс қонунлар қабул қилиши мумкин, аммо бадавлат солиқ тўловчилар ҳам бўш келмайди. Улар имкони борича камроқ солиқ тўлаш учун ҳамма нарса қилиб кўради: пулни у ёқдан‐бу ёққа айлантириш, инвестицияларни амалга ошириб, солиқ солинадиган даромадларни камайтириш ёки иложсиз қолганда, бошқа штат ёки давлатга кўчиб кетиш. Болалигимда Бьорн Борг теннис қироли эди ва Швеция ҳукумати унинг даромадларига жуда юқори ставка билан солиқ солган. Борг солиқларни камайтириш учун Швеция ҳукуматини аврашга уринмади ёки солиқларнинг иқтисодиётдаги ўрни тўғрисида оташин мақолалар ёзмади. У шунчаки солиқ юки анча енгил бўлган Монакога кўчиб ўтди.

Ҳеч бўлмаганда, Борг теннис ўйнашда давом этди. Солиқлар солиққа тортилаётган фаолиятдан кетиш ёки бу фаолиятни камайтириш учун кучли туртки беради. Қизиғи шундаки, бюджет даромадларининг муҳим қисми даромад солиғи орқали таъминланадиган Қўшма Штатларда юқори солиқлар кишиларни даромад топишдан чеклар экан. Ростдан ҳам, одамлар солиқ ставкаларига қараб ишлаш ёки ишламасликни танлайдими? Ҳа, айниқса, оиладаги иккинчи боқувчи ҳақида гап кетганда, бу айни ҳақиқат. “Bloomberg View”га мақолалар ёзадиган ва “New York Times” газетасида иқтисодиёт бўйича колумнист бўлиб ишлайдиган Виржиния Пострел солиқ ставкаларини феминистик муаммо, деб таъкидлади. “Никоҳ солиғи”

туфайли, юқори даромадли оилалардаги иккинчи боқувчилар (кўпинча аёллар) ҳар бир топган доллари учун ўртача 50 цент солиқ тўлайди. Бу эса ишлаш ёки уйда қолиш танловига катта таъсир қилади. Пострел шундай деб ёзади: “Солиқ тизими турмуш қурган аёлларнинг ишлаши учун ноқулай шароит яратиш орқали уларни ўзининг шахсий хоҳиш-истакларини амалга оширишдан чеклайди. Аёлларни керакли ишлардан чеклаш оқибатида эса умумий ҳаёт фаровонлиги пасаяди”. У ўз сўзларини тасдиқлаш учун қизиқарли маълумотларни келтиради. 1986 йилги солиқ ислоҳоти натижасида энг юқори даромадга эга бўлган аёллар учун солиқ ставкалари кам даромад кўрадиган аёлларникига қараганда кўпроқ қисқартирилди. Натижада уларнинг иш ҳақидан ушлаб қолинадиган пул миқдори кескин пасайди. Бу аёллар худди шундай йирик солиқ имтиёзларини олмаган аёлларга қараганда бошқачароқ ҳаракат қила бошладими? Ҳа, уларнинг ишчи кучи таркибидаги иштироки нақ уч баравар ошди.

Юқори солиқлар компанияларга ҳам шундай таъсир кўрсатади. Юқори солиқлар сармоядан келадиган даромадни камайтириб, ишлаб чиқариш, илмий тадқиқот ва иқтисодий ўсишга етакловчи бошқа ишларга сармоя киритиш учун рағбатни камайтиради. Яна бир ёқимсиз ҳолат мавжуд: шароити яхши бўлмаган америкаликларни мўл-кўл имтиёзлар билан таъминлаш мақсадида бошқалар учун солиқларни ошириш компанияларни камбағаллар ҳаётини яхшилайдиган самарали инвестицияларни киритишдан қайтаради.

Солиқ ставкалари жуда ҳам юқорилаб кетса, одамлар ҳамда фирмалар кўпинча “яширин иқтисодиёт”га ўтишади ва қонунларни очиқдан-очиқ бузиб, бутунлай солиқ тўлашдан қочишади. Қўшимча даромад солиғининг юқори ставкалари ҳисобига молиялаштириладиган саховатли давлат дастурларига эга Скандинавия мамлакатлари қора бозорнинг кескин равишда кенгайишига дуч келишди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Норвегиядаги яширин иқтисодиёт 1960 йилда ЯИМнинг 1.5 фоизидан 1990-йилларнинг ўрталарига бориб 18 фоизгача ўсди. Солиқчини алдаш ҳамманинг битта бузуқ доира ичида айланишига олиб келади. Яъни қанча кўп одам ва компания яширин иқтисодиётга кириб борса, давлат ўзининг бюджет даромадларини бир хил даражада ушлаб туриш учун солиқ ставкаларини оширишига тўғри келади. Юқори солиқлар эса, ўз навбатида, янада кўпроқ одам ҳамда компаниянинг яширин иқтисодиётга ўтишига олиб келади ва бу жараён давом этаверади.

Пулни бойлардан олиб, камбағалларга қайта тақсимлашнинг қийинлиги фақат солиққа тортиш билан боғлиқ эмас. Давлат томонидан бериладиган имтиёзлар ва субсидиялар ёмон оқибатларга олиб келиши ҳам мумкин. Ишсизлик нафақаси яхши миқдорда берилса, одамларда иш излаш истаги сусаяди. Масалан, 1996 йилги ислоҳотдан аввал Америка олиб борган ижтимоий ҳимоя сиёсати фақат ишсиз ёлғиз оналарга пул нафақаларини тақдим этган. Бу турмуш қурган ёки ишлаётган камбағал аёлларга нисбатан қайсидир маънода адолатсизлик эди. Ваҳоланки, ҳукумат, умуман олганда, на никоҳга ва на аёлларнинг ишлашига қарши.

Айтганча, юқоридаги мисоллар ҳукуматнинг берган барча имтиёзлари камбағалларга қаратилганини англатмайди. Аслида ҳам ундай эмас. “Ижтимоий ҳимоя” ва “Medicare” каби энг йирик федерал дастурлардан барча америкаликлар, ҳатто жуда бой одамлар фойдаланади. Иккала дастур ҳам қарилик даври учун кафолатланган имтиёзларни тақдим этади, шунинг учун одамлар шахсий жамғармаларини яратишдан воз кечиши мумкин. Аслида, бу масала анча вақтдан бери муҳокама қилинмоқда. Баъзи иқтисодчиларнинг таъкидлашича, ҳукумат томонидан бериладиган қарилик пенсиялари ва имтиёзлари камроқ пул жамғаришимизга сабаб бўлади (натижада миллий жамғарма миқдори камаяди), чунки бу ҳолда биз нафақа даври учун кўп пул йиғишимиз шарт эмас. Бошқа иқтисодчилар фикрига кўра, “Ижтимоий ҳимоя” ва “Medicare” дастурлари одамларнинг шахсий жамғармаларини камайтирмайди, шунчаки фарзандлар ва невараларга бироз кўпроқ мерос қолади. Эмпирик тадқиқотлар юқоридаги нуқтаи назарларнинг бирортаси тўғри ёки нотўғрилигини тасдиқламаган. Шу билан бирга, бу фақатгина илмий доираларда ўтказиладиган баҳс-мунозара мавзуси эмас. Нисбатан камроқ миқдорда пул йиғиш турмуш тарзимизни яхшилаши мумкин бўлган сармоя имкониятларини чеклайди ‒ бу масалани кейинги бобларда кўриб чиқамиз.

Юқорида айтилганларнинг ҳеч бири солиқлар ёки давлат ижтимоий дастурларига қарши аргумент сифатида талқин қилинмаслиги керак. Аслини олганда, иқтисодчилар қандай турдаги солиқларни йиғиш ва ҳукумат имтиёзларини қай тарзда ташкил этиш ҳақида ўйлашга сиёсатчилардан кўра кўпроқ вақт сарфлашади. Масалан, бензин солиғи ҳам, даромад солиғи ҳам бюджетга даромад келтиради, аммо иккаласи бир-биридан тубдан фарқ қиладиган мотивларни яратади. Даромад солиғи баъзи одамларни ишламасликка рағбатлантиради ва бу, албатта, ёмон. Бензин солиғи эса баъзи одамларни камроқ автомобиль ҳайдашга рағбатлантиради ва бу яхши ғоя. Дарҳақиқат, “экологик солиқлар” атроф-муҳитга зарар етказадиган фаолият турларини солиққа тортиш йўли билан давлат бюджетини тўлдиришга хизмат қилса, “гуноҳ солиқлари” ҳам худди шундай вазифани бажариб, сигарет, алкоголь ичимликлар ҳамда қимор ўйинларидан бюджетга пул келтиради.

Умуман олганда, иқтисодчилар кенг қамровли, содда ва адолатли солиқларни тарғиб қилишади. Содда солиқ тўғридан-тўғри ва осон йиғилади. Адолатли солиқ – фақатгина иккита бир хил даражадаги одам, масалан, бир хил даромадга эга одамдан олинадиган солиқ. Кенг солиқ эса кичик гуруҳдан катта солиқни эмас, балки жуда катта гуруҳдан кичик миқдордаги солиқни ундириш орқали бюджет даромадларини кўпайтириш дегани. Кенг солиқни тўлашдан қочиш қийинроқ, чунки кам сонли фаолият турларигина ундан озод қилинади ва солиқ ставкаси паст бўлгани учун тўловдан қочиш васвасаси унчалик катта эмас. Масалан, қизил спорт машиналари сотувига катта солиқ солиш ярамайди. Бошқа рангдаги машинани сотиб олиш орқали бу солиқдан осон ва қонуний қочиб қолиш мумкин, аммо иккала томон ҳам ютқазади. Ҳам ҳукумат ўз бюджетини тўлдира олмайди, ҳам қизил спорт машиналари ишқибозлари севимли автомобилларини ҳайдай олмайди. Солиқлар ҳеч кимга фойда келтирмай, қайтага, зарар етказадиган ҳолатлар мавжуд бўлиб, улар “Икки томонлама йўқотиш” деб номланади.

Бу вазиятда барча спорт автомобилларига, ҳаттоки барча автомобилларга солиқ солиш афзалроқ, чунки кенг кўламда олинадиган анча кам миқдордаги солиқ орқали ҳам бюджетни керакли маблағ билан тўлдириш мумкин. Бензин солиғи ҳам янги машиналарга солинадиган солиқ сингари бюджетга даромад келтиради, бундан ташқари, у бошқа солиқлардан фарқли ўлароқ ҳайдовчиларни ёнилғини тежашга ундайди. Ҳайдовчилар қанча кўп ҳайдаса, шунча кўп пул тўлайди. Шундай қилиб, биз кичик бир солиқ орқали ҳам бюджетга сезиларли даромад келтирамиз, ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ҳисса қўшамиз. Кўпгина иқтисодчиларга қолса, яна бир қадам олдинга юриб, кўмир, нефть ва бензин каби барча углеродга асосланган ёнилғи турларидан фойдаланишни солиққа тортишимиз керак. Бундай солиқлар бюджет даромадларини янада кўпайтиради ва жамиятни қайта тикланмайдиган ресурсларни тежаш ҳамда глобал исишга сабаб бўладиган карбонат ангидридни камайтиришга ундайди.

Афсуски, юқоридаги ўйлар бизни энг яхши солиқ турини ўйлаб топишга етакламайди. Биз бир муаммони иккинчисига алмаштиряпмиз холос. Қизил спорт машиналарига солинган солиқни фақатгина бой одамлар тўлайди. Углерод солиғи эса бойларга ҳам, камбағалларга ҳам бирдек тегишли бўлса-да, бунда камбағаллар ўз даромадининг анча катта қисмини солиққа сарфлашига тўғри келиши мумкин. Бойларга қараганда камбағалларга кўпроқ юк бўладиган солиқлар регрессив солиқлар деб аталади. Улар адолат тўғрисидаги қарашларимизга зид (прогрессив солиқлар эса камбағалларга қараганда бойларга оғирроқ юк бўлади). Иқтисодиёт бу масалага ҳам ягона “тўғри ечим”ни кўрсатолмайди, қўлидан келадигани муҳим мавзулар бўйича аналитик асосга эга мулоҳазалар олиб боришдир. Дарҳақиқат, энг самарали, идеал даражада кенг қамровли, содда ва адолатли (бу ерда сўзнинг тор маъноси ишлатилмоқда, яъни солиқларни назарда тутган ҳолда) солиқ ‒ ҳар бир киши учун миқдори тенг бўлган универсал солиқ. Тарихда бу турдаги солиқни жорий этишга уринишлар бўлган. Масалан, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Маргарет Тетчер 1989 йилда “жон бошига солинадиган солиқ”ни жорий этишга ҳаракат қилганди. Бу нимага олиб келган? Британияликлар ҳар бир вояга етган фуқаро ўз даромади ёки мол-мулкидан қатъи назар коммунал хизматлар солиғини бир хил миқдорда тўлашидан норози бўлиб, кўчаларда қўзғолон кўтаришди (ҳаттоки талабалар, камбағаллар ва ишсизлар учун баъзи имтиёзлар берилган бўлса ҳам). Кўриб турганингиздек, яхши иқтисодиёт доим ҳам яхши сиёсат дегани эмас.

Айни пайтда ҳамма имтиёзлар ҳам тенглик тамойили асосида яратилмаган. Сўнгги йилларда камбағалликка қарши курашишнинг асосий воситаларидан бири – даромад солиғи кредити (EITC) бўлиб, иқтисодчилар ўн йилликлар давомида ушбу ғояни илгари суриб келмоқда, чунки бу анъанавий ижтимоий таъминот дастурларига қараганда анча яхшироқ рағбатларни яратади. Мисол учун, ижтимоий дастурларнинг аксарияти ишсиз одамларга ёрдам таклиф қилади. EITC эса мутлақо тескарисини қилади: у иш ҳақи кам бўлган ишчиларни субсидия билан таъминлаш учун даромад солиғи тизимидан фойдаланади, шунда ишчиларнинг умумий даромади камбағаллик чегарасидан юқорига кўтарилади. Масалан, 11 000 доллар ишлаб топадиган ҳамда тўрт кишилик оиланинг боқувчиси бўлган ходим EITC ва тегишли давлат дастурлари орқали қўшимча 8000 доллар олиши мумкин. Мақсад ишдан етарлича пул ишлаб топишга кўмаклашишдир. Ҳақиқатан ҳам, бу тизим одамларга ишчи кучининг бир қисми бўлишга кучли туртки бериб, янги кўникмаларни ўрганиш ва натижада юқори маошли ишларга ўтиш умидини уйғотади. Албатта, бу дастур камчиликлардан ҳам холи эмас. Ижтимоий нафақалар ва субсидиялардан фарқли ўлароқ, EITC умуман иш топа олмайдиган одамларга ёрдам кўрсатмайди. Ваҳоланки, айни шу тоифадаги одамлар ҳақиқий ёрдамга муҳтождир.

Кўп йиллар аввал магистратурага топшираётганимда, иншо ёзгандим. Иншода одамзодни Ойга юборишга қодир мамлакатда қандай қилиб ҳали ҳам кўчада тунайдиган одамлар борлигини тушунмаслигим ҳақида ёзганман. Қисман бу сиёсий ирода билан боғлиқ муаммо: агар биз буни миллатимиз учун устувор масалага айлантирганимизда, эртагаёқ кўчадаги уйсизлар сони анча камайган бўларди. Бироқ мен NASAнинг иши бундан анча осонлигини тушуниб етдим. Ахир ракеталар азалий физика қонунларига бўйсунади. Биз Ойнинг маълум бир дақиқада қаерда бўлишини аниқ биламиз ва космик кеманинг Ер орбитасига қанчалик тез чиқиши ёки уни тарк этишини ҳисоблай оламиз. Барча тенгламалар тўғри бўлса, ракета биз хоҳлаган жойга бориб тушади ‒ ҳар доим. Одамларнинг табиати эса анча мураккаброқ. Масалан, гиёҳванднинг кейинги хаттиҳаракатларини орбитадаги ракета ҳаракатлари каби олдиндан аниқ айтиб бўлмайди. Бизда ўн олти ёшли болани мактабни ташламасликка кўндириш учун аниқ бир формула йўқ. Аммо битта кучли қурол бор: инсон доимо ўзи учун энг яхшисига интилишини биламиз, бунда киши ўзи учун айнан нимани яхши деб белгилаганининг аҳамияти йўқ. Ҳаётимизни яхшилашнинг энг ишончли усули – хатти-ҳаракатларимизнинг сабабларини тушуниб етиш ва кейинги ишларимизни шунга қараб режалаштириш. Дастур, ташкилот ва тизимлар инсонни тўғри рағбатлантирсагина, самаралироқ ишлайди. Бу оқим бўйлаб сузишга ўхшайди: одам эшкак эшади, дарё эса унга ёрдам беради.

СкороКнижный режим