Кириш

Жуда ҳам таниш бир ҳолат ҳақида айтиб берай. Американинг йирик университетларидан бирида битирувчи талаба каттакон маъруза залидаги доскага турли тенгламалар ёзиб, чизмаларни чизмоқда. Эҳтимол, у инглиз тилида равон гапирар, балки унчалик равонмасдир ҳам. У ёзаётган маълумотлар эса зерикарли ҳисоб-китоблардан иборат. Имтиҳон вақти келганда талабалардан ялпи харажат функцияларини фарқлаш ёки талабнинг эгри чизиғини чиқариб бериш сўралиши мумкин. Бу бошланғич иқтисодиётдир.

“Иқтисодиётнинг қайси асосий қоидаларига риоя қилмаслик Совет Иттифоқини муқаррар ҳалокатга етаклади?” (Ресурсларни нарх-навосиз система асосида тарқатиш узоқ муддатли жараёнда ҳаддан зиёд машаққатга айланади); “Чекувчилар чекмайдиганларга қандай иқтисодий фойда келтиришади?” (Чекувчилар нисбатан тезроқ вафот этишади ва чекмайдиганларнинг ижтимоий ҳимоя ҳамда нафақадан кўпроқ фойдаланиб қолишига йўл очиб беришади); “Нега оналик таътили учун кўпроқ муддат бериш аёллар зарарига ишлайди?” (Ишга ёлловчилар ёш қизларни ишга олишда дискриминацияга йўл қўйишлари мумкин) каби саволлар талабалардан камдан-кам ҳолларда сўралади.

Баъзи талабалар фанни узоқ вақт ўрганиб, кенг фикрлайдиган бўлишади. Аммо талабаларнинг кўпчилиги бу йўлдан бормайди. Буни қарангки, энг ақлли, билимли ва қизиқувчан талабалар бошланғич иқтисодиёт дарсларида қийналади. Иқтисодиёт дарслари тугаганда ўзида йўқ қувонадиган бундай талабалар бу фан билан умрбод хайрлашади. Иқтисодиёт эслаб қолиш талаб қилинадиган ва келажакда деярли керак бўлмайдиган маълумотларни ўргатувчи кимё каби машаққатли фанлар билан бир қаторга қўйилади. Шунинг учун аксарият истеъдодли талабалар биринчи курслигидаёқ бу фандан ўзини четга олади. Бундай шармандали ҳолат икки салбий оқибатга олиб келмоқда.

Биринчидан, илмга ташна кўплаб талабалар ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига алоқадор ва кишини ўйлашга ундайдиган кучли фанни назардан четда қолдиряпти. Ваҳоланки, иқтисодиёт органлар трансплантациясидан тортиб, позитив дискриминациягача бўлган турли-туман муаммоларни қамраб олади. Бу каби масалаларни тушунишда иқтисодиётнинг роли катта. Ушбу фан баъзида интуицияга таянса, бошқа ўринларда унга мутлақо қарши боради. Иқтисодиёт кўплаб буюк мутафаккирларни етиштирган. Улардан Адам Смит ва Милтон Фридманга ўхшаганлар жамоатчилик эътиборига тушган бўлса, Гэри Беккер ва Жорж Акерлоф каби олимлар ўз академик доирасидан ташқарида танилмади. Фуқаролар уруши ёки Самуэл Жонсоннинг таржимаи ҳоли ҳақидаги китобни завқу шавқ билан ўқиб чиқадиган одамлар бор, аммо иқтисодиёт фанига келганда, улар ўзини олиб қочишга одатланиб қолган. Аслида эса бу фан қийин эмас, аксинча, жуда мароқли.

Иккинчидан, ҳатто энг зеҳнли фуқароларимизнинг кўпида иқтисодий савод йўқ. Оммавий ахборот воситалари умумжаҳон молиявий инқирози даврида АҚШ ҳукуматининг тутган чора-тадбирларида муҳим роль ўйнаган Федерал захира тизимини қайта‐қайта эътироф этади. Аммо Федерал захира тизими айнан нима билан шуғулланишини қанча одам билади? Ҳаттоки кўплаб сиёсий етакчиларимиз ҳам иқтисодий билимларга муҳтож. Масалан, Дональд Трамп глобаллашув туфайли Америкадаги иш ўринлари камайиб кетаётгани, натижада қашшоқлик ва ишсизлик янада кўпаяётганини бир неча бор таъкидлаган. Бозор иқтисодиётига асосланган рақобатда бўлганидек халқаро савдода ҳам кимдир мағлуб бўлиши рост. Бироқ халқаро савдонинг кенг ёйилиши аҳволнинг ёппасига ёмонлашувига олиб келади, деган қараш нотўғри. Аслини олганда, халқаро савдонинг салбий оқибатларидан хавотирланиш Америка ҳарбий денгиз кучларини узоқ масофага сузиш хавфидан огоҳлантириш билан баробар. Умрим давомида мен эшитган энг баландпарвоз ва ноодатий фикрлар 1992 йилдаги сайловда учинчи номзод бўлган Росс Перога тегишли (Билл Клинтон ва Ҳ. У. Буш асосий кандидатлар бўлган). Перо президентлик дебатларида “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” Қўшма Штатларнинг “қонини сўрувчи” битим экани ҳақида жон куйдириб гапирганди. Уни АҚШдаги иш ўринлари камайиб, бунинг ҳисобига Мексикада бўш иш ўринлари яратилиши хавотирга солганди. У қанчалик таъсирли гапирган бўлмасин, фикрлари иқтисодиётга зид эди. У хавотирланган ҳолат рўй бермади.

Перо кампанияси, ўзининг таъбири билан айтганда, “ов қилишни билмайдиган ит” эди. Бироқ бу сайловларда ютиб чиқадиган дунё етакчилари иқтисодиётнинг асосий тамойилларини яхши тушунади, дегани эмас. 2000 йилда Францияда ишсизлик фоизи икки хонали рақамга келиб қолган ва ишсизлик сурункали равишда кўпайиб бораётган эди. Бунга жавобан Франция ҳукумати муаммони ҳал этиш учун 2000 йилда янги дастур ишлаб чиқди. Социалист ҳукумат бир ҳафталик иш максимумини ўттиз тўққиздан ўттиз беш соатга туширди. Уларнинг мантиғига кўра, ишчилар камроқ ишласалар, янги иш ўринлари ҳосил бўларди. Лекин ярқираган ҳамма нарса ҳам олтин бўлавермайди. Бундай сиёсат маълум даражада жозибали туюлади, худди заҳарни сўриб олишда зулукдан фойдаланишганидек. Афсуски, зулукдан фойдаланиш ҳам, ҳафталик иш соатларини камайтириш ҳам узоқ истиқболда фақат ва фақат зиён келтиради.

Тилга олинган французча сиёсат “иқтисодиётда иш ўринлари сони аниқ белгиланган, демак, уларни оқилона тақсимлаш мумкин” деган янглиш тасаввур устига қурилган эди. Бу ғирт сафсата. Нега десангиз, Америка иқтисодиётида охирги ўттиз йил мобайнида интернет билан алоқадор миллионлаб янги касблар пайдо бўлди – бу касблар 1980 йилгача нафақат мавжуд бўлмаган, балки улар пайдо бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаганди. Барчаси ҳукумат иш соатлари миқдорини ўзгартиришга уринмаган бўлса ҳам пайдо бўлди.

2008 йилда Николас Саркози бошчилигидаги Франция ҳукумати компания ва ишчиларга ҳафтасига ўттиз беш соат ишлаш чекловидан воз кечган ҳолда шартнома тузишга қонуний рухсат берди. Иш соатларини чеклаш сиёсати ишсизлик муаммосига ҳеч қандай ёрдам бермагани бу қарорнинг асосий сабаби эди. Бирорта ақли расо иқтисодчи “иш соатларини камайтириш ишсизликни камайтиради” деб ўйламаганди ҳам (бироқ сиёсатчилар ва уларни сайлаганлар мутахассисларнинг маслаҳатларини эшитишни истамаган).

Америка ҳам иқтисодий муаммолардан холи эмас. 1999 йилда Сиэтлда илк бора антиглобалистлар намойишга чиқишди. Улар Жаҳон Савдо Ташкилоти анжуманига қаршилик кўрсатиш мақсадида деразаларни синдириб, машиналарни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Намойишчилар ҳақмиди? Глобаллашув юқори суръатда ривожланиб бораётган халқаро савдо атроф-муҳитга салбий таъсир этиши, ривожланаётган мамлакатлардаги ишчилар эксплуатация қилиниши ва ҳар бурчакда “MсDoald’s” тамаддихоналари қурилишига олиб кела дими? Ёки “New York Times” колумнисти Томас Фридман намойишни “Ернинг ясси эканини даъво қилувчилар, протекционист касаба уюшмаларининг аъзолари ва ўзининг 1960-йиллардаги наркотик дозасини излаб юрган ғўр ўсмирлар жамланган Нуҳ кемаси” дея таърифлаганида ҳақмиди?

2016 йилги президентлик сайловида Дональд Трамп демократ Билл Клинтон президентлиги даврида имзоланган “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” ва “Тинч океандаги ҳамкорлик битими”ни қоралайди. Трампнинг танқидлари иқтисодий жиҳатдан ўринлимиди ёки бу фақатгина сиёсий ўйиннинг бир қисми эдими? (Ҳиллари Клинтон Обама маъмурияти давридаги давлат котиби сифатида “Тинч океандаги ҳамкорлик битими”ни қўллаб-қувватлаган, “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” эса Ҳиллари Клинтоннинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон президентлиги даврида қабул қилинган.) Бу саволга жавобни 12-бобни ўқиб, билиб оласиз.

Даромад тенгсизлиги замонимизнинг долзарб муаммосига айланди. Шахсий компьютер, интернет, сунъий интеллект ва бошқа технологиялар иқтисодимизни кескин ўзгартириб, ғолиблар ва мағлублар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Шунга қарамай, иқтисоднинг асоси ўзгармаган. Фойда келтирадиган кўникмаларга меҳнат бозорида талаб ҳар доим бўлган, бу бейсбол тўпини соатига 163 км тезликда учадиган қилиб улоқтириш ёки халқаро корпорацияни бошқариш бўладими ‒ фарқи йўқ. Аммо технологиялар ва глобаллашув энг малакали ишчилар (янги технологиялар самарадорликни янада оширади) ва кам малакали ишчилар (машиналар уларнинг ўрнини босиши эҳтимоли катта) ўртасидаги тафовутни катталаштирмоқда. 6-боб иқтисодиётнинг (ва кўпинча сиёсий баҳсларнинг) асосий саволига жавоб қидиради:

нега айримлар юзлаб миллион доллар топса, бошқалар камбағалликдан чиқиш учун етарлича пул топа олмайди.

Мен китоб борасида биттагина ваъда бераман: унда ҳеч қандай чизма, диаграмма ва ҳисоб-китоблар бўлмайди. Буларнинг барчаси иқтисодиётда ўз ўрнида қўллангани маъқул. Аслини олганда, математика оламни тушунтиришнинг энг оддий, шу билан бирга, энг зукко йўлини таклиф эта олади (об-ҳавонинг қанчалик илиқ ёки салқинлигини айтишдан кўра ташқарида етмиш икки градус дейиш кўпроқ аниқликка эга бўлгани каби). Бироқ моҳиятан иқтисодиётдаги энг муҳим ғоялар асосан интуитив тарзда туғилади. Интуитив ғояларнинг кучи кундалик муаммоларни ҳал этишда мантиқ ва пухталикдан усталик билан фойдаланишдадир. Бостон университети назарий иқтисодчиси Гленн Лоури таклиф этган қуйидаги фикр ҳақида ўйлаб кўринг: ўнта номзод бор ва улар битта бўш иш ўрнини эгаллаш учун ҳаракат қилмоқда. Номзодларнинг тўққизтаси оқ танли, биттаси эса қора танли. Ишга олувчи компаниянинг сиёсатига кўра, номзодларнинг барчаси тенг қобилиятларга эга бўлса ҳам, озчилик қатламдан чиққан номзод ишга олинади.

Вазиятнинг давомини тасаввур қилиб кўринг: ўнта номзод орасида иккита энг кучли номзод мавжуд ‒ бири оқ танли ва иккинчиси қора танли. Компания сиёсатига кўра, қора танли номзод ишга олинади. Иқтисодчи Лоури (унинг ўзи ҳам қора танли) ушбу вазиятни келтириш орқали дарров хаёлга келмайдиган, лекин оддий бир фикрни тушунтирмоқчи: аслида биттагина оқ танли номзод компаниянинг ушбу сиёсатидан жабр кўрди, қолган саккиз номзод эса қобилият жиҳатидан оқсагани учун барибир бу ишни қўлга кирита олмасди. Шундай бўлишига қарамай, оқ танли номзодларнинг тўққизтаси ҳам бирдек асабийлашади ва “дискриминация қурбони бўлдим” деб ўйлайди. Лоури озчиликларни қўллабқувватлаш сиёсатига душман эмас. У шунчаки бу борадаги баҳс-мунозараларга янгича ёндашди холос. Ахир кўриниб турибдики, позитив дискриминация сиёсати ирқий муаммоларни ҳал этиш ўрнига бундай муаммолар янада кучайишига сабабчи бўлиши мумкин экан.

Ёки суғурта компаниялари туғуруқдан сўнг аёлларнинг шифохонаги бир эмас, икки кечаси учун тўловларни қоплаши тўғрисида янграб турадиган таклифларни олайлик. Президент Билл Клинтон бу муаммони жиддий деб ҳисоблаган ва 1998 йили Конгрессга қилган мурожаатида уни ҳал қилишга ваъда берган. Бироқ бундай режаларни амалга ошириш осон эмас. Одатда шифохонада қўшимча яна бир кун қолишга ҳеч қандай тиббий эҳтиёж бўлмайди, устига-устак, бу қимматга тушиб кетади. Шунинг учун ёш оналар қўшимча кун учун тўлов қилишни истамайди, суғурта компаниялари ҳам улар учун бу ортиқча чиқимни қоплашни хоҳламайди. Агар суғурта компанияларига шу каби ёки бошқа бирон-бир мажбурият қонунан юклатилса, ортиқча чиқимни суғурталаш тўловини ошириш эвазига қоплаб оладилар. Лекин суғурта нархлари ошса, зўрға кун кўрадиган одамлар соғлиғини суғурталашга имкон тополмайди. Шундай қилиб, масала бундай: биз кўплаб оналарга қулайлик яратиб бериш йўлида у бошқа одамларнинг соғлиғи ҳимоясиз қолишига олиб келадиган қонун чиқаришга тайёрмизми?

Бир томоннинг зарари бошқа томоннинг фойдасига ишлайдиган ушбу вазият Америкада соғлиқни сақлаш ислоҳоти ҳақидаги баҳс-мунозараларда доим улкан резонанс келтириб чиқаради. Соғлиқни сақлаш тизими қўшимча қулайликларга кафолат беришда қанчалик кўп сахийлик қилса, суғурта нархи шунча ошаверади. Буни ҳукумат йўлга қўядими, йўқми ‒ аҳамиятсиз, ҳолат худди шундайлигича қолаверади. Аслида, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ энг муҳим саволга жуда оз эътибор берилади. Масалан, қиммат тиббий технологиялар кўпайиб кетган. Уларнинг баъзилари зўр натижаларга олиб келса, баъзилари ҳеч қандай фойда келтирмайди. Шундай экан, ўз нархига арзийдиган муолажаларга “ҳа”, арзимайдиганларига эса “йўқ” дейдиган тизимни қандай қилиб яратамиз?

Иқтисодиёт илми Республикачилар партияси учун яхшигина реклама холосми? Ундай эмас. Ҳаттоки иқтисодиёт бўйича Нобель лауреати ва эркин бозор иқтисодиётининг асосий тарғиботчиси бўлган Милтон Фридман ҳам тартибга солинмаган бозор жиддий салбий оқибатларга олиб келиши ҳақидаги фикрга қўшилган бўларди. Америкаликларнинг автомобилларга ўчлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Муаммо биз машиналарни ёқтиришимизда эмас, балки машинани сотиб олаётганимизда, автомобиль ҳайдашимиздан юзага келадиган барча зарарли оқибатларни қоплайдиган даражада пул тўламаслигимизда. Тўғри, биз машинани сотиб оламиз, унинг суғуртаси, ёнилғиси ва қўшимча харажатлари учун пул сарфлаймиз. Лекин автомобилимиздан чиқадиган заҳарли тутун, биз келтириб чиқарадиган тирбандликлар, йўлларга етказиладиган зарар ёхуд кичикроқ машиналардаги ҳайдовчиларга хавф туғдирганимиз учун биздан тўлов талаб этилмайди. Натижада эса отасининг кредит картасини ўғирлаб, кечаси айланишга чиқиб кетган шўх боланинг ҳолатига ўхшаш вазият содир бўлади: агар ўз чўнтагимиздан тўлаш керак бўлса, ҳеч қачон қилмайдиган харажатларимизга бошқалар ҳисобидан бемалол пул сарфлаймиз. Катта-катта машиналарни ҳайдаймиз, жамоат транспортига минмаймиз, шаҳар ташқарисидаги чеккароқ жойларга кўчиб ўтамиз ва у ердан узоқ масофаларга машина ҳайдаймиз.

Инсонлар ўзларининг бундай хатти-ҳаракатлари учун ҳеч нима тўламайди, бироқ жамият бунинг бадалини ҳаво ифлосланиши, глобал исиш, тирбандликлар ва шаҳарларнинг тартибсиз кенгайиши билан тўлайди. Долзарблашиб бораётган ушбу муаммонинг ечимини ҳу куматнинг иқтисодга аралашувини чеклаш тарафдорлари бўлган консерваторларнинг одатий жавобларида учрата олмайсиз. Ечим эса машиналар ва ёнилғига юқорироқ миқдордаги солиқлар жорий этишдир. Шундай чораларни кўрсаккина, енгил автомобиль ёки баҳайбат йўлтанламасни миниш харажати жамиятга етказиладиган зарар билан мутаносиб бўлади (ушбу мавзуни учинчи бўлимда таҳлил қиламиз). Жамоат транспорти учун катта субсидиялар берилиши эса машина ҳайдамайдиган ва бу билан бизни ортиқча тирбандликлардан асраб қоладиган одамлар учун муносиб мукофот бўларди.

Айтганча, иқтисодчилар дискриминация каби ижтимоий муаммолар бўйича энг долзарб тадқиқотларни ўтказишган. Бутун дунёда симфоник оркестрлар азалдан аёлларга нисбатан дискриминация қилиб келганми? Ҳарвард иқтисодчиси Клаудиа Голдин ва Принстон университети иқтисодчиси Сесилиа Роуз буни аниқлашнинг янги усулини ўйлаб топишди. 1950-йилларда Америка оркестрларида “парда ортидаги” чиқишлар ўтказила бошланди. Яъни оркестр аъзолари саҳна ортидан туриб мусиқа чалишарди. Ҳакамлар мусиқачиларнинг кимлиги ва жинсини билмаган. Аёллар саҳна ортида туриб ижро қилганда, саҳнада – ҳакамлар кўз ўнгида ижро қилган пайтдагидан кўра яхшироқ баҳоланганми? Ҳа, худди шундай. Ижрочининг шахсияти номаълум бўлган чиқишлар кенг тарқалганидан сўнг аёллар биринчи турдан ўтиши эҳтимоли қарийб эллик фоизга, финалга чиқиши эҳтимоли эса бир неча баробарга ошганди.

Иқтисодиёт қўлимизга кучли (ҳар доим ҳам мураккаб бўлмайдиган) таҳлил этиш воситаларини тутқазади. Бу воситалардан ҳодисаларнинг сабабларини изоҳлаш учун фойдаланиш мумкин. Шунингдек, улар атрофга назар солиб, дунёни тушунишда ва йирик сиёсий ўзгаришларнинг оқибатларини олдиндан башорат қилишда ҳам ишлатилади. Иқтисодиёт худди тортишиш кучига ўхшайди: бепарво бўлсангиз, бошингизга олма тушиши тайин.

“Lehman Brothers” сармоя банкининг муваффақиятсизликка учраши иқтисодий инқирозга сабаб бўлди ва банк 2008 йил 15 сентябрда ўзининг банкротликка учраганини эълон қилди. Катта депрессиядан кейин энг улкан зарар келтирган иқтисодий инқироз мана шу бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Бу қандай содир бўлди? Қандай қилиб ўз фаровонлигини таъминлаш йўлларини яхши тушуниши лозим бўлган кўплаб мижозлар уй-жой бозоридаги “пуфак” ёрилиб кетишининг қурбони бўлди? Уларга қарз берган тентаклар ким экан? Нима учун “Wall Street” таъминланган қарз облигациялари ҳамда дефолт свопларини яратди ва нима сабабдан улар молия тизими учун ғоят хатарли бўлиб чиқди?

Иккинчи бўлимда беэътибор хатти-ҳаракатлар иқтисодий инқирозга етаклашини тизимдаги рағбатларнинг хусусиятларига қараб олдиндан билиш мумкинлиги батафсил ҳикоя қилинади. Ипотека брокерлари нима учун бемулоҳазалик билан жуда кўп қарз бериб юборди? Чунки пуллар ўзлариники эмасди! Пулларни қарз берувчи банклар комиссия асосида тўлаган. Ипотека қарзлари қанча кўп ва йирик бўлса, брокерларнинг фоиз бўйича даромадлари ҳам шунча кўп бўлади.

Савол туғилади: банклар нима учун ўз капиталининг катта қисмини ишлатишда таваккал қилишга тайёр эди? (Айниқса, уларга мижоз топиб келган ипотекачи брокерларнинг мотивациясини ҳисобга олсак.) Чунки банклар одатда ўз ипотекаларининг асосий қисмини “сотишади”, яъни бирорта сармоядордан у келажакдаги ипотека тўловларидан келадиган даромадни эгаллаши эвазига катта миқдорда нақд пул олишади. (Бу коптокни шерикларига тез узатиб, ўйналадиган “Иссиқ картошка” ўйинига ўхшайди. Фақат бу ерда копток ўрнида қарз бўлади. Сиз кимгадир берган қарз қанчалик йирик бўлишига қарамай, қарздор касодга учрамасидан аввал қарз берувчи мақомини бошқа бировнинг номига ўтказишга улгуришингиз керак.)

Хўш, бундай қарзларни ким ҳам сотиб оларди? Иккинчи боб худди шу ҳақида. Ҳозирча жавобнинг учини чиқараман: “Wall Street” ҳам бунга аралашади ва бу яхшилик билан тугамайди.

Буларни ёзар эканман, иқтисодиёт соҳасида баъзи масалаларни қайта кўриб чиқиш бўйича тадқиқотлар ҳали-ҳануз давом этаётганини тан олишим керак. Иқтисодий инқироз юз бергач, сабаблари қанчалик равшан бўлмасин, камдан-кам иқтисодчилар буни олдиндан башорат қилишган. Аслида, инқироз қанчалик даҳшатли бўлишини ҳеч ким олдиндан айтолмаганди. 2005 йилнинг кузида атоқли иқтисодчилар нуфузли журналларда: “2004 йилнинг охирига келиб тадқиқотларимиз уй-жой бозорида пуфак ҳосил бўлиши аломатларини топмади”, ‒ деб ёзишганди.

Бу нотўғри бўлиб чиқди. Аслида, “нотўғри” ‒ шунчаки юмшоқ таъриф. Негаки соҳа мутахассиси бўлмаганлар ҳам сезган иқтисодий пуфак белгиларини мақола очиқчасига инкор этган. Бу ўт ўчириш хизмати тутун чиқаётган уй олдига кела солиб “Йўқ, бу ёнғин эмас”, дейишидек гап. Ваҳоланки, йигирма дақиқадан сўнг чордоқдан олов чиқа бошлайди. Ўшанда ҳақиқатан ҳам пуфак бор эди. Иқтисодиётга психологик ёндашув орқали вазиятни яхшироқ тушуниб олиш мумкин. Яъни одамларда “ҳозир нима юз бераётган бўлса, келажакда ҳам худди шу нарса содир бўлиши эҳтимоли баланд” деб ўйлашга мойиллик бор.

Иқтисодиёт ҳар бир фан сингари ривожланиб, ўзгариб бормоқда. Унинг энг қизиқарли ва самарадор тармоқларидан бири – хулқ-атвор иқтисодиётидир. Бу йўналиш инсонлар қандай қилиб турли қарорларга келиши ва баъзан одамлар иқтисодчиларнинг анъанавий башоратларига зид тарзда, мантиқ билан иш кўрмаслиги сабабларини ўрганади. Биз, инсонлар, айрим хавфхатарларга етарлича эътибор бермаймиз (вазн ошиши), баъзида эса ортиқча ваҳима қилиб юборамиз (самолётда учиш), қарор чиқаришда ҳиссиётлар бизни енгишига йўл қўямиз, яхши янгиликка ҳам, ёмонига ҳам ҳаддан ташқари таъсирчан муносабат билдирамиз (уй-жой нархлари ошиши ва тушиши).

Юқорида айтганларимизнинг кўпидан Шекспир яхшигина хабардор эди, аммо булар бугунги иқтисодиёт фани учун нисбатан янги тушунчалар ҳисобланади. “New York Times” колумнисти Дэвид Брукс айтганидек: “Одамларнинг иқтисодий хатти-ҳаракатларини самарали усуллар ёрдамида олдиндан аниқ башоратлаш мумкин. Бундай усуллар кўп нарсага ойдинлик киритса-да, айни дамдаги иқтисодий инқирозни – қандай қилиб бир пайтнинг ўзида шунча одам ўз-ўзига зиён етказиш даражасида тентак ва билимсиз бўлиши мумкинлигини тушунтириб беролмайди. Инқироз классик иқтисодиётга катта зарба берди ва давлат сиёсатининг эътиборидан четда қолиб кетган психологик тадқиқотларни олдинги қаторларга олиб чиқди”. Инсонларнинг қарор қабул қилишда кенг тарқалган ва анъанавий иқтисодиёт назариясига зид одатлари тушунтириб берилган иши учун Ричард Тейлер 2017 йилда Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ричард Тейлернинг таъкидлашича, инсонлар қандай ва нега хато қилишини англасаккина, яхшироқ иқтисодий сиёсат юрита оламиз.

Албатта, эски ғояларнинг аксари ҳали-ҳануз аҳамиятини йўқотмаган. Федерал захира раиси Бен Бернанке лавозимга тайинланишидан аввал Принстон университетида Катта депрессияни ўрганган олим эди. Ўнинчи бобда Бернанке ишига ўзига хос яратувчанлик ва кескинлик билан ёндашуви мавжуд вазиятнинг янада ёмонлашиб кетишидан асраб қолгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Бернанкенинг ҳаракатлари асосан 1930-йиллардаги кўнгилсизликларни ўрганиш асносида қилинган хулосалар натижаси эди.

Бу китоб иқтисодиётдаги энг муҳим тушунчаларни изоҳлар экан, уларнинг мазмунини соддалаштириб тушунтиради ва мураккаб таркибий қисмларга бўлиб ўтирмайди. Ҳар бир бобда бутун бошли китоб бағишлашга арзийдиган кенг миқёсдаги мавзулар таҳлил қилинади. Шунингдек, ҳар бир бобда ҳаттоки айрим олимларнинг карьераларига туртки ва маънавий озуқа берган кичик-кичик фикр ҳамда ғоялар бор. Мен фан таянчи бўлган техник жиҳатларга батафсил тўхталмадим. Ғоямнинг асоси ҳам шу: Фрэнк Ллойд Райтнинг даҳолигини эътироф этиш учун пойдевор уйнинг қайси қисмига жойлаштирилиши ҳақида бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Бу китоб содда инсонлар учун иқтисодиётни ўргатувчи китоб эмас. Аксинча, у иқтисодиётни ҳеч қачон ўқибўрганмаган (ёки оз-моз ўрганган) ақлли кишиларга аталган. Мураккаблик тўни ечилса, буюк иқтисодий ғояларнинг кўпчилиги тушунарли эканини кўрамиз. Мана шу “Яланғоч иқтисодиёт” деб аталади.

Иқтисодиёт фақат соҳа мутахассислари учун керак, деган қараш нотўғри. Ундаги ғоялар барча учун ўта муҳим ва қизиқарлидир. Аслида, яланғоч иқтисодиётни ўрганиш ҳатто завқ беради.

СкороКнижный режим